Жорий йилги футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг илк турлари кутилмаган натижалар билан бошланганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта, бу ҳолат футболимизда жамоалар ўртасида рақобат уйғонаётганидан далолат беради. Бунинг натижасида миллий клубларимизнинг ўйин савияси ўсади ва улардан терма жамоамиз учун иқтидорли ёш футболчилар етишиб чиқади. Ўтган икки тур давомида грант жамоаларимиз очко йўқотгани ва кутилмаганда “Қизилқум” ҳамда “Нефтчи” клублари 6 очко жамғарган ҳолда чемпионат карвонбошисига айлангани барча учун янгилик бўлди.
Бугун, 14 март куни миллий чемпионатимизнинг 3-тур баҳсларига старт берилади. Мазкур турни икки пойтахт клуби – “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашув бошлаб беради.
“Локомотив” стадионида соат 18:45 да бошланадиган ушбу баҳсни Рустам Лутфуллин бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга қанотларда Руслан Серазитдинов ва Бахтиёрхўжа Шавкатов ёрдам беради. Хушнуд Суюнбоев эса захира ҳакам сифатида ўйинни кузатади. Шунингдек, ВАРда Азиз Асимов, АВАРда эса Санжар Шоюсупов ишлайди.
Чемпионат давомида бу икки клуб жами 38 бор ўзаро тўқнаш келган ва унда “Пахтакор” 24 та ўйинда ғалаба қозонган бўлса, 8 беллашувда дуранг натижа қайд этган. Қолган 6 учрашувда “Локомотив” устун келган. Барча учрашувларда “Пахтакор” рақиб дарвозасига 82 гол урган ва 32 тўп ўтказиб юборган. “Шерлар” охирги ўзаро 8 та учрашувдан буён “Локомотив”га имкониятни бой бермай келмоқда. Сўнгги марта “Локомотив” 2018 йилда амалдаги чемпионни мағлуб этган.
Бу йилги Суперлига мусобақасида “Локомотив” дастлаб ўз майдонида “Металлург” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, иккинчи турдаги Тошкент дербисида “Олимпик”ни 1:0 ҳисобида енгди. “Пахтакор” эса илк турда “Сурхон”ни 3:0 ҳисобида енгди. Ўз майдонида “Насаф”га қарши ўйинда нурсиз дурангга имзо чекди (0:0). Бугунги ўйинда ҳар икки жамоа учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур экани барчамизга маълум. Шу сабабли ҳам ушбу ўйин шиддатли ўтишига шубҳа йўқ.
***
Энди эса Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг сўнгги нимчорак финалидан ўрин олган ўйинлар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Унда “Атлетико” ўз майдонида “Интер”га қарши майдонга тушда. Ўйинда биринчи бўлиб, Димарко ҳисобни очган бўлса, сал ўтиб Гризманн ҳисобни тенглаштирди. Асосий вақт якунида Депай жамоасини олдинга олиб чиқди. Илк беллашувда Милан шаҳри клуби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани сабаб ғолиб жамоа пенальтилар сериясида аниқланди ва унда “Атлетико” 3:2 ҳисобида зафар қучди.
Иккинчи учрашувда “Боруссия” ва “ПСВ” клублари ўзаро рақобатлашди. Мазкур баҳс 2:0 ҳисобида якунланди ва икки ўйин натижасига кўра 3:1 ҳисобида “Боруссия” зафар қучди.
Шу тариқа, ЕЧЛнинг чорак финал босқичига йўл олган барча клублар номи аниқ бўлди. Аниқроғи, мусобақанинг 1/4 финалида “Реал Мадрид”, “ПСЖ” , “Бавария”, “Манчестер Сити”, “Арсенал”, “Барселона”, “Атлетико”, “Боруссия Д” иштирок этади. Чорак финал жуфтликлари 15 мартда қуръа ташлаш йўли билан аниқланади.
***
22 март куни “ССКА” Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси билан “ВEБ Арена”да ўртоқлик ўйинини ўтказади. Унда сўнгги ойларда Москванинг “ССКА” клубида ёрқин ўйин ўтказаётган Аббосбек Файзуллаев иштирок эта олмайди.
Бунга сабаб 21-26 март кунлари Ўзбекистон терма жамоаси “ЖЧ-2026″ саралаши доирасида Гонконг билан ўйнайди ва Аббосбек Файзуллаев терма жамоага чақирилгани сабаб ушбу назорат ўйинини ўтказиб юборади.
***
Эрон чемпионатнинг 20-турида Теҳроннинг “Истиқлол” жамоаси шаҳарнинг яна бир жамоаси “Персополис” билан тўқнашди. Биз учун аҳамиятлиси, ҳар икки жамоада маҳоратли футболчиларимизнинг тўп суришидир. Кескин ва муросасиз кечган баҳсда ҳисоб очилмади. Ўйинда мезбонлар сафида ҳаракат қилаётган Жалолиддин Машарипов асосий таркибда майдонга тушиб, 72-дақиқада алмаштирилди. “Персополис” эса Остон Ўруновга тўлиқ ҳаракат қилишга имкон берди.
Шунингдек, ушбу турда “Истиқлол Ҳузистон” сафарда “Зоб Аҳан” билан баҳс олиб борди. Учрашув меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда бошқа бир футболчимиз Достон Турсунов “Истиқлол Ҳузистон” асосий таркибида майдонга тушиб, 90-дақиқада захирага олинди.
Маълумот учун, ушбу ўйиндан сўнг “Истиқлол” очколари сонини 43 тага етказиб олди ва ҳамон биринчи поғонада бормоқда. “Персопилис” эса 40 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўриндан жой олган. “Истиқлол Ҳузистон” сўнгги ўйиндаги ғалабадан сўнг 14-поғонага кўтарилиб олди.
***
Бирлашган Араб Амирликлари Про-лигаси 16-тур баҳсида “Ал-Ваҳда” сафарда “Ҳатта”ни йирик 4:0 ҳисобда мағлуб қилди. Учрашувда легионеримиз Ҳожимат Эркинов 75 дақиқа ҳаракат қилди ва битта голли узатма қайд этди.
Хабарингиз бор, 2026 йилда Шимолий Америкада ўтказилиши режалаштирилган футбол бўйича Жаҳон чемпионати учун Осиё қитъаси саралаш учрашувлари ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган ва саралашнинг дастлабки босқичида ҳакамларимиз 3 та учрашувни бошқарган эди.
Саралашнинг иккинчи босқичидан ўрин олган Яман – БАА терма жамоалари учрашувини Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар жамоаси бошқариб боради. Қанотларда унга Андрей Цапенко ҳамда Тимур Гайнуллин ёрдам берса, яна бир ҳамюртимиз Аскер Нажафалиев захира ҳаками вазифасини бажариши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ушбу босқич доирасидаги Фаластин – Бангладеш баҳсига яна бир вакилимиз – Владислав Цейтлин ҳакамлар назоратчиси сифатида тайинлов олган.
Ушбу учрашувлар 21 март куни ўтказилиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА