Адлия вазири Акбар Тошқулов ва Евроосиё патент ташкилоти президенти Григорий Ивлиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Евроосиё патент ташкилоти Евроосиё минтақасида жойлашган бир қатор давлатлар патент тизимининг ишлаши, ихтиролар ва саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофазага олиш билан боғлиқ маъмурий вазифаларни бажариш учун ташкил этилган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.

Учрашувда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазага олиш ва уларни тижоратлаштириш – иқтисодиётни ривожлантиришдаги асосий масалалардан бири экани, глобаллашув даврида миллий интеллектуал мулк тизимини доимий равишда такомиллаштириб бориш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Г.Ивлиев, ўз навбатида, Евроосиё ҳудудидаги давлатларнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши ушбу давлатлар ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришига ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш учун замин яратишини таъкидлади.

Шу билан бирга, интеллектуал мулк соҳасида юридик кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини, жумладан, интеллектуал мулк соҳасидаги мутахассисларнинг малака ошириш курсларида, стажировкалар ва  ушбу соҳадаги ҳар қандай таълим йўналишидаги изланишларини молиявий қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Учрашув дўстона вa конструктив руҳда ўтди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА