АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Сессия ишида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Сессия доирасида Сенат Раиси Швейцария Конфедерацияси Президенти Виола Амерд, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг Хотин-қизлар ва болалар ишлари бўйича миллий қўмитаси раиси ўринбосари, Бутунхитой аёллар федерацияси раиси ўринбосари Хуан Сяовей билан учрашув ўтказиб, келгуси ҳамкорлик бўйича мулоқот олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик.

Танзила Норбоева, шунингдек, Бельгия Гендер тенглик, тенг имкониятлар ва хилма-хиллик бўйича Давлат котиби Мари-Коллин Лeрой билан ҳам учрашди.

Унда Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, аёлларнинг ихтисослашган ташкилотлари орқали ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари музокаранинг асосини ташкил этди.

Томонлар мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикрлашиб олди.

М.Лeрой Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.

***

Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

В.Суан Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган самарали суҳбатни ҳамда 2022 йил октябрь ойида Тошкентда қисқа муддатли ташриф билан бўлганини илиқ эслади.

Учрашув чоғида парламентлараро муносабатларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, таълимга оид ва бошқа қўшма гуманитар дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

***

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Гендер тенглик кенгаши вице-президенти Мона Ғанем Ол Маррий билан учрашувда Ўзбекистон ва БАА ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу давлатга расмий ташрифи икки мамлакатнинг дўстлик ҳамда шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очди, кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки берди.

Мулоқот чоғида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, халқаро рейтинглар, давлат бошқаруви, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат давомида муносабатларнинг амалий жиҳатлари, хусусан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги дастурларни махсус семинар ва лойиҳалар орқали биргаликда амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Суҳбат якунида томонлар кўп қиррали ҳар томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирди.

Сенат Раиси учрашув ўтказилган хонимларни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё хотин-қизлар форумида иштирок этишга таклиф қилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА