Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шуъбаси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан қидирувдаги автотранспорт воситаларини топиш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилининг 9 март куни Беруний туманида олиб борилган тезкор-қидирув тадбири давомида йўл ҳаракати қоидаларини 28 маротаба бузган қоидабузарнинг “Wolkswagen Caddy” русумли автомашинаси ушланди.  Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими иш юритувида бўлган ҳужжатда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг қарорларига асосан қарздор Р.Э.дан жами 11 миллион сўмга яқин 28 та жаримани ундириш белгиланган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номида “Wolkswagen Caddy” русумли автотранспорт воситаси мавжудлиги, аммо ушбу автотранспорт воситаси қарздорнинг яшаш манзилида йўқлиги аниқланиб, унга нисбатан Бюронинг Беруний туман бўлими бошлиғи томонидан қидирув эълон қилинган эди.

Тезкор-қидирув тадбирлардан бирида автомашина топилиб, қарздор Р.Э. томонидан давлат фойдасига ундирилиши лозим бўлган жарима тўлиқ  тўланди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири