Хабар берганимиздек, Сочидаги “Роза хутор” тоғ дам олиш масканида бошланган Евроосиё тоғ курортлари алянсига кирувчи давлатлар вакиллари иштирокида биринчи фестиваль тадбирлари бошланди.

Дастлаб алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудларда туризмни барқарор ривожлантириш масаласи муҳокама этилди.

Иштирокчилар бугун экологик муаммолар долзарб аҳамият касб этаётган шароитда тоғ-чанғи курортлари фаолиятини йўлга қўйиш, бу жойларда табиий муҳитни сақлаб қолиш, дам олувчилар учун қулай шароит яратиш муҳимлигини таъкидладилар.

Жумладан, Россия Федерацияси Федерал мажлиси Давлат Думаси туризм ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш қўмитаси раиси Сангажи Тарбаев, Россия Федерацияси Табиий ресурслар вазирлиги қўриқланадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича давлат сиёсати ва тартибга солиш департаменти директори Ирина Маканова, Сочи курорт шаҳри администрацияси масъуллари Россияда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Эришилган натижалар ва кедгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, муҳокама жараёнида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича фикрлар билдирилди.

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири