Божхона органлари томонидан ғайриқонуний йўллар билан ғайриоддий усулларда сифати кафолатланмаган дори воситаларининг мамлакатимизга олиб кирилишига чек қўйилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд-ота” чегара божхона постига пиёда кириб келаётган бир гуруҳ йўловчилар томонидан дори воситаларининг кўп ўрамда олиб кирилиши божхоначилар эътиборидан четда қолмади.

Битта қути дорига белгиланган миқдордан 3 баравар кўп дори конвалюталарининг жойлаштирилиши ва бошқа бир йўловчида айнан ушбу номдаги дори бўш қутиларининг олиб ўтилиши божхона ходимининг ўринли шубҳасини янада оширди. Сақлаш ва ташиш қоидаларига риоя қилинмаган, сифатини кафолатловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган мазкур 8752 дона дори воситаларининг барчаси божхона назоратини амалга ошириш жараёнида аслида фақат битта йўловчига тегишли эканлиги фош бўлди. Ушбу дори воситаларининг қиймати дастлабки сўровга кўра 18,6 миллион сўмни ташкил этмоқда.

“Довуд-ота” чегара божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолатда эса “Lada Largus” русумли автотранспорт воситасида қўшни давлат орқали республикамизга кириб келган фуқаро сифатини кафолатловчи ҳужжатларга эга бўлмаган қиймати 48,3 миллион сўмни ташкил этувчи 1506 дона 4 хил турдаги дори воситаларини олиб кирмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда дори воситаларининг ғайриоддий усулда мамлакатимизга олиб кирилишига чек қўйилди. Гап шундаки, “Волгоград-Хўжанд” йўналишида транзит тарзда ҳаракатланиб келаётган йўловчи поезди чегарада божхона назоратидан ўтказилганида, мазкур қопдаги дори воситаларининг Тожикистон Республикасига олиб кетилаётганлиги кўрсатилган. Лекин, поезд республикамизга кириб келгач, кўп ўтмай Тўрткўл тумани “Мискин” темир йўл бекатида айнан ўша қопдаги божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган, сифати кафолатланмаган 1118 дона дори воситалари тушириб қолдирилади ва уни олдиндан келишилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси қабул қилиб олган пайтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА