Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси раҳбарлари иштирокида  матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумотларга кўра, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга электрон йўлланма асосида кўрсатилган тиббий ёрдам харажатларини қоплаш мақсадида 2023 йилда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан 95 та тиббиёт ташкилоти ўртасида шартнома имзоланган.

Ўтган  йилда  98 минг 715 нафар имтиёзли тоифага кирувчи шахс йўлланма асосида даволанган бўлиб, кўрсатилган тиббий хизмат учун сарфланган 699,7 миллиард сўмлик харажат Жамғарма томонидан тўлиқ қоплаб берилган.  Бунда  мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари, жигар ва буйрак трансплантацияси, интракраниал эндовазкуляр амалиётлар, сунъий бўғим (эндопротез) ва мосламалар ўрнатиш ҳамда шу каби амалиётларни ўтказиш учун сарфланган барча харажатлар, жумладан қимматбаҳо сарфлов материаллари, протезлар харажатлари базавий нархлар доирасида тўлиқ Жамғарма томонидан тўланган.

Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўз микрохирургияси, урология, кардиология, травматология ва ортопедия, акушерлик ва гинекология, хирургия, нейрохирургия, оториноларингология ва юз-жағ касалликлари йўналишларида тиббий хизматлар кўрсатилишига рухсат берилган.

Шунга мувофиқ, 2023 йилда Жамғарма томонидан 30 та нодавлат тиббиёт ташкилоти билан шартнома тузилган ҳамда уларда даволанган 3 минг 217 нафар имтиёзли тоифага кирувчи шахсга кўрсатилган 57,6 миллиард сўм қийматидаги тиббий ёрдам харажатлари тўланган. 41 та ҳудудий тиббиёт муассасасида жами 9 минг 661 нафар имтиёзли тоифага кирувчи шахс ўзи яшаш ҳудудида даволаниб, беморларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ ортиқча сарф-харажат ва сарсон бўлишининг олди олинган.

Қайд этилишича, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатилган тиббий хизматлар харажатлари Жамғарма томонидан қоплаш жараёнлари рақамлаштирилган ва инсон омилининг камайтирилишига эришилган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА