Мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг ярмидан кўпи, яъни 53 фоизи шўрланган. Оқибатда кейинги йилларда ҳудудларда қурғоқчилик, қум ва чанг бўронлари, ҳатто пойтахтимизда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Бу ҳол ҳосилдорликка, биологик хилма-хилликка ва энг муҳими, аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилмоқда.

Самарқанд шаҳрида 2023 йилда ташкил қилинган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясида Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва улар келтириб чиқарадиган ижтимоий, экологик муаммоларнинг оғир оқибатларини тўлиқ ҳис қилаётгани, экологик таҳдидлар ва бошқа кўплаб омиллар нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига бевосита таъсир кўрсатиши айтиб ўтилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборатлиги боис, ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражада комплекс чора-тадбирларни кўриш талаб этилади.

Тошкентда  Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик бўйича “Ерларни тиклаш, қум-чанг бўронларининг (ҚЧБ) олдини олиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича тинч ўрмонлар ташаббуслари” мавзусида семинар ўтказилмоқда. Тадбир ер, биологик хилма-хиллик ва иқлим соҳасидаги комплекс чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган бўлиб, асосий эътибор ҚЧБ пайдо бўлишининг асосий манбаларини аниқлаш, унга қарши курашиш бўйича стратегиялар ҳамда амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилган.

БМТнинг Чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси (UNCCD) Глобал механизми, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган семинарда Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, PM 2.5 майда дисперсли заррачаларнинг салмоқли қисмини чанг ташкил қилиб, бу ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалардан бири сифатида умумий миқдорнинг 36 фоизини ташкил этади.

– ҚЧБ оқибатларига нафақат тезкор чора кўриш, балки уларни зарарсизлантиришнинг комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш орқали қум-чанг бўронларининг юзага келиш манбаларини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси, Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази директори Суна Парк. – Қум ва чанг бўронларининг чегара ортидаги манбалари мавжуд бўлиш эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда муаммони муваффақиятли ҳал этиш учун ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, мазкур семинар масаланинг амалий ечимларини самарали ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш мақсадида ушбу масалага чуқур ёндашган олим ва мутахассисларни бирлаштиради.

Семинар давомида UNCCD Тинч ўрмонлар ташаббуси (PFI) мамлакатлар ўртасидаги трансчегаравий ҳамкорликнинг катализатори бўлиши, потенциал молиялаштириш билан минтақавий трансчегаравий лойиҳаларни ривожлантиришга олиб келиши айтилди.

–Ушбу мулоқот жараёнида минтақавий ҳамкорларнинг ҚЧБ ва ерлар деградациясига қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари баҳоланади, – дейди UNCCDнинг Глобал механизмлар дастурини бошқариш бўйича мутахассиси Утчанг Канг. – Биз иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг камайиб бориши ва ерларнинг таназзулга учраши каби кўплаб экологик муаммоларни ҳал қилиш учун аниқ тасаввурларга эга бўлиш ҳамда ҳаракатлар режасини шакллантиришни мақсад қилганмиз. Бу бизга минтақавий секторлар ва мамлакатлар ҳаракатларида синергия ва изчилликка эришиш имконини беради. Мунозаралар натижаси ҚЧБ таъсирини юмшатиш ва ернинг деградациясини бошқаришга қаратилган кенг қамровли минтақавий қайта тиклаш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, Марказий Осиёдаги қум ва чанг бўронлари минтақада нафақат иқлим ҳамда атроф-муҳитга, балки аҳоли саломатлиги, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётга сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Марказий Осиёнинг тахминан 400 миллион гектар майдони 80 фоиздан ортиғини чўл ва даштлар эгаллаган бўлиб, улар иқлим ўзгариши ва давомий қурғоқчилик билан узвий равишда ҚЧБнинг табиий манбаи ҳисобланади. Суғорма деҳқончилик, мол боқиш, тоғ-кон ва бошқа хўжалик фаолиятининг нооқилона усуллари ҚЧБ антропоген манбаларининг ҳосил бўлиш ўчоқларини яратади.

Ўзбекистонда чанг бўронларининг олдини олиш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар фаол давом эттирилмоқда. Мавжуд қонунчиликка кўра, жорий йил 1 мартдан чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган меъёрдан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш амалиёти жорий этилди.

Бундан ташқари, яқинда Ашхободда бўлиб ўтган ЕХҲТ Бош котиби ва Марказий Осиё мамлакатлари экология вазирларининг UNCCDни амалга ошириш бўйича қўмитаси 21-сессиясидаги учрашуви чоғида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан Минтақавий иқлим мониторинги маркази ва қум-чанг бўронлари бўйича минтақавий платформани ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Ушбу чора-тадбирлар иқлим ўзгаришини батафсил ўрганиш ва минтақада чанг бўронларининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича самарали стратегияларни ишлаб чиқишга қаратилган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА