Фуқароларнинг зарур вақтда, ҳеч бир тўсиқларсиз, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун давлатга суяна олиши муҳим саналади. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат маблағлари ҳисобидан олишга ҳақли экани қатъий белгилаб қўйилди. Натижада Бош қомусимизда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар тўрт баробарга кўпайди.

Албатта, ушбу ҳуқуқий кафолатлар бирданига пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу сўнгги етти йилликда соғлиқни сақлаш соҳасида  ислоҳотларни чуқурлаштириш,  тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини хорижий тажриба асосида ташкил этиш ва тиббиёт йўналишидаги кадрлар салоҳиятини ошириш, нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида  ишларнинг натижасидир.

Хусусан, ислоҳотлар натижасида оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига УЗИ ва ЭКГ ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Натижада 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди. Тиббиёт ходимлари ойлиги қарийб 4 баробарга оширилиб, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ҳамда устама тўловлари тизими жорий этилди.

Энг муҳими, келгуси етти йилликда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида бошланган изчил ислоҳотларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, соғлом фуқароларгина давлат ва жамият ривожланишига муносиб даражада ҳисса қўша олади. Шу боис, жорий йилги давлат дастури доирасида аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш,  ўртача умр давомийлигини, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар белгиланган.

Жумладан, йил якунига қадар болалар ўртасида ўтказиладиган оммавий ва селектив скрининг турларини 36 тага, ирсий касалликлар бўйича 4 тага етказиш мақсад қилинган. Ирсий касалликлар билан касалланган болалар дори воситалари, тиббий буюмлар ва шифобахш озуқалар билан 100 фоиз таъминланади. Шунингдек, 6-23 ойлик бўлган жами 1,2 миллион нафар бола микронутриент кукуни билан 6,5 миллион нафар 2-10 ёшдаги бола эса гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

Аҳоли ўртасида сурункали касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланиш ҳолатларини кескин камайтириш чоралари кўрилади. Бунинг учун 18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳоли профилактик кўрикдан ўтказилиб, натижалари бўйича фуқароларни соғломлаштириш ишлари олиб борилади. Хавф гуруҳига мансуб аҳоли эса режа асосида флюорография текширувларидан ўтказилади.

Албатта, бундай профилактик текширувларнинг ўз вақтида олиб борилиши нафақат аҳоли саломатлигини асрашга, шу билан бирга, юзлаб оилаларни ижтимоий-иқтисодий қийин вазиятларга тушиб қолишининг олдини олишга хизмат қилади. Чунки касаллик ўз вақтида аниқланмаса, уни даволаш кафолати ҳам юқори бўлмайди. Шунингдек, айрим касалликлар учун эса катта маблағ сарфланиши мумкин.

Ана шундай касалликлардан бири, бу онкологик касалликлардир. Афсуски, сўнгги вақтларда ушбу касаллик тури билан оғриган беморлар сони кўпаймоқда. Шу боис, давлат дастурида онкологик касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни таҳлил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун бутун дунёда экология ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар кун тартибидаги ҳал этилиши лозим бўлган масалалардан бирига айланди. Хусусан, юртимизда ҳам бу борада муайян ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Сабаби, ушбу ҳаракатлар нафақат экологик барқарорликни сақлашга, шу билан бирга, аҳолининг онкологик касалликларга чалиниш ҳолати камайишига ҳам хизмат қилади.

Мутахассислар таҳлилига кўра, ҳавонинг ифлосланганлик даражаси ортиши аҳоли орасида жиддий касалликлар хавфини ҳам ошириб юбориши мумкин. Масалан, ҳавода PM 2,5 концентрацияси миқдори ошиб кетиши саратон касаллиги хавфини 22 фоизга, овқат ҳазм қилиш тизими саратонини 42 фоизга, кўкрак бези саратонини 80 фоизга, ўпка саратонини эса 36 фоизга ошишига олиб келади.

Умуман олганда,  саломатлик борасида белгиланган вазифаларнинг ҳаётимиз ва соғлиқни сақлаш тизимига жорий қилиниши келгуси етти йилликда аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшгача ошириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш имконини беради.

Шундай экан, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги барча ҳаракатлар ва уларнинг ижросига ҳар биримиз масъулмиз. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги давлатнинг энг катта бойлигидир.

 

Олтиной Мамирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА