Ўзбекистон Республикаси Марказий банки делегацияси 4-7 март кунлари АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки Ғазначилиги томонидан ташкил этилган махсус семинар-тренингларда қатнашди ҳамда Нью-Йорк Федерал захира банки вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Семинар-тренинглар давомида Жаҳон банки экспертлари томонидан халқаро захираларни самарали бошқариш, хусусан, қимматли қоғозлар портфелини бошқариш, савдолар бўйича комплаенс-назорат амалиёти, рискларни бошқариш ҳамда қимматли қоғозларга инвестиция киритиш йўналишларида тажриба алмашилди.

Ташриф доирасида Жаҳон банкининг Активларни бошқариш ва маслаҳат дастури (RAMP) раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Нью-Йорк Федерал захира банкининг раҳбарияти ҳамда бошқа таркибий бўлинмалар билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу учрашувларда Марказий банкнинг кастодиан ҳисоб-варағини очиш ҳамда қимматли қоғозларни гаров эвазига қарзга бериш бўйича битимлар имзоланди.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА