Эзгулик шиоримиз, маърифат қуролимиз бўлиши керак (+видео)
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг “2023 – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширган ишлари якуни, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилишига оид давлат дастурида белгиланган вазифаларга бағишланган республика кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Кенгаши аъзолари, уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ҳамда туман бўлимлари раҳбарлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Мўйноқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ташқи тарғибот воситалари билан безаш ишлари билан танишди. Шунингдек, “Ҳаким ота” зиёрат мажмуаси, “Ажиниёз Қўсибой ўғли” мақбараси зиёрат қилиниб, “Кемалар қабристони” монументи ва “Орол денгизи музейи”га ташриф буюрдилар.
Туман маданият саройида бўлиб ўтган семинарда Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси И.Латипов, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ў.Раҳматов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов, Мўйноқ туман ҳокими Б.Менглибеков, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Х.Салимов сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мазмун-моҳияти, жорий “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да бажариладиган устувор вазифаларга тўхталди.
“Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бўлимлари томонидан ўтган йилда ҳам маҳаллий ҳокимликлар буюртмаси асосида шаҳар ва туман марказлари, аҳоли яшаш манзилларида она Ватанга муҳаббат ва маънавий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбияловчи шиорлар ва матнлардан фойдаланиб, марказий кўчалар, бозорлар, хиёбонлар, бекатлар, автотранспорт воситалари, темир йўл ва метро вагонлари ҳамда одамлар гавжум жойларга, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга баннерлар, плакат ва бошқа тасвирий-тарғибот воситалари жойлаштирилди.
Шунингдек, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик йўлида олиб борилаётган ишларни, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига доир давлат дастурлари асосида янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнини намоён қилувчи ижобий ўзгаришларнинг асл ижодкорлари – замондош фидойи ёшлар, қаҳрамон юртдошларимиз эканлигини акс эттирувчи кўчма фото кўргазмалар уюштирилиб келинмоқда.
Семинарда ижодий уюшма томонидан “2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишлаб тайёрланган “Ёшлар – Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс бунёдкорлари” номли тавсиялар қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик”, “Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз”, “Халқчил ислоҳотлар халқимиз манфатларига хизмат қилади” ва бошқа асарлари, тантанали маросимлардаги нутқлари, фармон ва қарорлари, байрам табрикларидан олинган илм-маърифат соҳасидаги ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “2024 – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилишига оид давлат дастури вазифаларидан олинган иқтибослар берилган.
Шунингдек,қўлланмада донишмандларнинг ҳикматлари, ҳадислар, халқ мақоллари, шеърий мисралар, она Ватанни ҳимоя қилиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аёлларни улуғлаш, Наврўз, буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги, қорақалпоқ халқининг мумтоз шоири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги, жиноятчиликка қарши курашиш, ўзбек тили, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ҳамда миллий қадриятларимизни эъзозлашга чақирувчи шиорлар ва юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан боғлиқ долзарб мавзулардаги иқтибослар қайд этилиб, шеърий мисралар ва матнлар жамланган.
Тадбирда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан “2023 – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилда бажариладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон – 2030 стратегиясининг “2024 – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилишига оид давлат дастурида бажариладиган ишлар, маънавий-маърифий тадбирлар, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, замондош қаҳрамонлар сиймоси ва қўлга киритилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш вазифалари белгиланди.
Мазкур тадбирнинг Мўйноқ туманида ўтказилаётгани бежиз эмас. Сўнгги йилларда Оролбўйини, шу жумладан, Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, биз учун “Қорақалпоғистоннинг ютуғи – бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистоннинг ташвиши – бутун Ўзбекистоннинг ташвиши” деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бизнинг эзгу мақсадимиз биргаликдаги меҳнатимиз билан янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган обод ва фаровон янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.
–Ўтган йилнинг якуни ва жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган дастурий кўргазмали семинарнинг айнан Мўйноқ туманида ўтказилгани бизда катта таассурот қолдирди, – дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими бошқаруви раиси Ойбек Бегимқулов. – Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан туманда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдик. Шунингдек, жорий йилга белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан тажриба алмашдик.
Тадбир якунида ўтган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ходимларга Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат,видео),
ЎзА мухбирлари