Бугун Тошкентда “Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий” саккизинчи халқаро анжумани ўз ишини бошлади.

Анжуманда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Эрон, Арманистон, Россия, Грузия, Туркия каби давлатлардан гидроэнергетика соҳаси вакиллари, мутахассислар ва олимлар иштирок этмоқда.

Унда минтақалардаги гидроэнергетика соҳасининг ривожланиши ва тараққий этиши, гидроэнергетик иншоотларнинг қурилиши, модернизацияси, муаммо ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, гидроэнергетика йўналишида мамлакатимизда иккинчи маротаба ташкил этилган ушбу халқаро кўламдаги йирик анжуман маҳаллий ва хорижлик мутахассислар  учун чинакам мулоқот майдонига айланди.

Марказий Осиё ва Каспий минтақалари вакиллари ўз юртида мазкур соҳада олиб бораётган ишлари ҳақида тақдимот қилиши билан бир қаторда, ўзаро ҳамкорлик учун фикр алмашишга имконият пайдо бўлгани янада аҳамиятли.

Анжумандан кўзланган мақсад гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, соҳадаги янги инновацион технологиялар ҳамда хорижий инвесторларни фаол жалб қилиш, етакчи лойиҳа институтлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда амалдаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Анжуман доирасида соҳадаги ютуқларга доир кўргазма ҳам ташкил этилди.

Уч кун давом этадиган мазкур анжуман дастуридан бир қатор тадбирлар ўрин олган.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

Ойбек Пардаев,(сурат)

ЎзА