Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш;
муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди уйларида жойлашган хизмат турар жойларини фойдаланишга бериш;
давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш;
давлат органлари уй-жойларининг ҳудудлар кесимидаги реестрини шакллантириш ва расмий веб-сайтларига жойлаштириш тартиби белгилаб берилган.
Низомга мувофиқ, кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари шарт бўлади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда:
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш ахборот тизимини;
давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ахборот тизимини;
муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли уй-жой фондининг уйларида жойлашган хизмат турар жойларини фойдаланишга бериш ахборот тизимини ишлаб чиқади ва фаолиятини йўлга қўяди.
Мазкур Низом алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган давлат органларининг давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этишига нисбатан татбиқ этилмайди.
ЎзА