Турли халқаро тузилмалар саммитларида Қозоғистон томонидан Фузулий шаҳрида Қурманғози номли болалар ижодиёти маркази қад ростлаётгани тез-тез тилга олинарди.

12 март куни Озарбайжон ва Қозоғистон Президентлари Илҳом Алиев ва Қосим-Жомарт Тоқаев ижод марказининг очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбир доирасида етакчилар Озарбайжон маданият ва санъат намояндалари, Фузулий шаҳри аҳолиси, шунингдек, марказда таҳсил оладиган болалар билан учрашди.

Бугун эрталаб Озарбайжонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Қозоғистон раҳбари Фузулий вилоятига етиб келгани ҳақида хабар берилганди. Тоқаев, шунингдек, ҳамкасби Алиев билан Фузулий шаҳрининг Бош режаси билан танишди.

Дарвоқе, ўтган йил 23 август куни Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари худди шундай Фузулий шаҳрида давлатимиз томонидан барпо этилган 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилишида иштирок этганди.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА