Муносабат

Бугунги кун аёли қонуний ҳақ-ҳуқуқларга, касб-корга, билим-салоҳиятга, катта имконият ва шароитларга эга бўлган замонавий аёл сифатида ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдир. У жамиятнинг барча жабҳаларида ақл-заковати билан ўзини намоён эта олмоқда. Зеро, бутун халқимиз, асосан, хотин-қизларимиз учун фаровон ҳаёт барпо этиш, ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш, орзу ва мақсадларини, истеъдодларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Қуйидаги рақамларга бир назар ташлайлик. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга етди, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди, сўнгги етти йил ичида 5 минг 247 нафар, ўтган йилнинг ўзида эса 147 нафар хотин-қиз фан доктори, 1 минг 238 нафари фалсафа доктори илмий даражасига эришди. Ҳозир олий ўқув юртларида таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг 653 минг нафари, магистратурада ўқиётган ёшларнинг қарийб 60 фоизини қизлар ташкил этаётгани ҳар биримизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Дарҳақиқат, бугун дунёда мураккаб ва оғир вазият, иқтисодий инқироз ҳукм сураётган бир шароитда мамлакатимизда Президентимиз томонидан ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратилмоқда. “Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади” дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидан барчамиз хабардормиз. Бугун хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётий муаммоларини тизимли ҳал этиб боришнинг энг самарали механизмлари жорий этилгани қанча-қанча аёлларнинг орзу-умидлари рўёбга чиқишига хизмат қилмоқда. Жумладан, уй-жойли бўлиш оила мустаҳкамлигининг энг муҳим асоси, муқаддас қўрғонидир. Шу жиҳатдан хотин-қизларга ажратилган 6 триллион сўмлик ипотека кредити ҳисобидан 25 мингдан зиёд оила ўз уйларига эга бўлгани, бу борада 6 минг 200 нафар аёлга уй-жой шароитини яхшилаш ва кредитнинг бошланғич бадалини тўлаш учун 200 миллиард сўм субсидия ажратилгани бу оилалар, айниқса, унда камол топаётган фарзандларга қанчалик қувонч бахш этганини тасаввур қилиш қийин эмас.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларга эътибор қаратадиган бўлсак, бу каби эзгу ишларнинг давоми сифатида хотин-қизларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига янада кучли эътибор қаратилганини кўрамиз.

Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугунги таҳликали замонда жаҳон миқёсида кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, ҳаётга енгил-елпи, истеъмолчилик кайфияти билан қараш каби хатарлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш ўта долзарб масалага айланаётганини таъкидлаб, юртимиздаги барча аёлларга мурожаат қилди.

Дарҳақиқат, оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтириш, боғча, мактаб ва олий ўқув юртларига кириб бориш, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, фарзанд ва набираларимизнинг ўқиши, давомати масаласи, ахлоқ-одоби билан қизиқиш биз аёллар, оналар, бувижонларнинг асосий вазифамиз бўлмоғи лозим.  Чиндан ҳам болаларимизни билимли ва ақлли, оқни қорадан ажрата оладиган, эл-юртимизга содиқ, ҳаёли ва иболи, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Тан олишимиз керак, орамизда бойлик, шон- шуҳрат  орттириш, ҳашаматли ҳаёт қуриш ва ёки оддий кундалик ташвишлар билан ўралашиб, фарзанди тарбиясига бефарқ бўлаётган, ўқитувчиси, тарбиячиси билан мулоқот қилиб, ўғли, қизи ёхуд набирасининг хулқ- атвори, ўқиши, давомати хусусида ойда йилда бир марта сўраб суриштирмайдиган аёллар ҳам бор. Зеро фарзанд тарбияси бу – болани оқ ювиб, оқ тараш, яхши едириб-ичириш, яхши кийдиришгина эмас, балки унинг онг-тафаккури, билим-савияси, дунёқарашини ҳам тарбиялаш демакдир.

Шу ўринда жадид боболаримиздан бири Абдулло Авлонийнинг ёшлар тарбияси ҳақидаги қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш жоиз. “Тарбияни туғилган кундан бошламоқ, вужудимизни қувватлантирмоқ, фикрларимизни нурлантирмоқ, ахлоқимизни гўзаллантирмоқ, зеҳнимизни равшанлантирмоқ лозим экан. Тарбияни ким қилади? Қаерда қилади? деган савол келади. Бу саволга: Биринчи уй тарбияси, бу она вазифасидир. Иккинчи мактаб ва мадраса тарбияси, бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидир…”

Кўриниб турибдики, аллома аждодларимиз ҳам фарзанд тарбиясидаги биринчи масъул инсон бу она эканлигини таъкидлашган ва бу тарихимизда ўз исботини ҳам топган. Зеро, биз асрлар давомида фахрланиб келаётган, диёримиз довруғини дунёга танитган буюк алломаларимиз, адиб ва шоирларимизни дунёга келтириб, бутун борлиғини  фидо қилиб тарбиялаган Сайроймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий каби оқила, доно оналаримизни бир эслайлик. Аёл зоти учун жуда оғир бўлган даврларда улар қилган ишларни, шундай катта шароит ва имкониятлар замонида яшаб  биз қила олмаймизми?  Аслида оиланинг маънавий қўрғони бу  аёл, онадир.

Президентимиз ўз нутқида маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз кераклигини, “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя асосида бу жараённи, аввало, оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозимлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, эзгуликни шиор қилар эканмиз, маърифатли бўлишимиз керак,  маърифат бўлмаган жойда эзгулик содир бўлмайди, деган хулосага келамиз. Демак, бугун оилага ҳам, фарзанд тарбиясига ҳам маърифат билан, ақл-идрок билан ёндашиш лозим.

Бундай ёндашувни ҳаётга татбиқ этиш нафақат хотин-қизлар ташкилотлари, маҳалла фаоллари ёки тарғиботчилар, балки шу тинч ва осойишта юртда нафас олиб, барча неъматлардан баҳраманд бўлиб умргузаронлик қилаётган, фарзанд кўриб оналик мақомига, набира кўриб момолик мақомига мушарраф бўлган ҳар бир аёлнинг биринчи вазифасига айланмоғи керак.

Назира Матяқубова,  

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,  

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.  

ЎзА