АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

Мазкур комиссия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ишчи органи бўлиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича халқаро стандартларни ҳамда уларнинг бажарилиши юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Икки ҳафта давом этадиган тадбирда БМТ ва фуқаролик жамияти вакиллари Пекин декларациясининг амалга оширилишини муҳокама қилади.

Сессия қашшоқликни бартараф этиш, институтлар салоҳияти ва молиялаштиришни кучайтириш орқали гендер тенгликка эришиш ва барча хотин-қизлар имкониятларини кенгайтиришга бағишланади.

Ташриф доирасида, шунингдек, БМТ тузилмалари раҳбарлари, қатор давлатларнинг президентлари, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиши  режалаштирилган.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА