Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, «Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмлари ҳамда ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби янада такомиллаштирилгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Юртимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров. — Шу билан бирга, ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назоратини таъминлаш борасида тизимли муаммолар ҳам сақланиб қолган. Жумладан, ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқаришдан бошлаб истеъмолчига етказиб берилгунга қадар бўлган жараёнларни назорат қилишда замонавий ахборот-коммуникация воситалари тўлиқ татбиқ этилмаганлиги инсон омили сақланиб қолишига олиб келмоқда. Амалдаги қонунчиликда белгиланган қоидага кўра, МИБга тақдим этилаётганда ижро ҳужжатларига истеъмол қилинган энергия ва ичимлик суви учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга ёки мансабдор шахсга берилгунига қадар қарздор – юридик шахс бундай тармоқлардан узилганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши белгиланган. Бироқ жисмоний шахсларга нисбатан бундай талаб мавжуд эмас. Оқибатда биргина жорий йилнинг ўтган даврида 7 минг 713 та истеъмолчини тармоқдан узиш чоралари кўрилмаган. Ушбу қонун лойиҳаси билан эндиликда мазкур нормани жисмоний шахсларга ҳам қўллаш таклиф қилиняпти.

Лойиҳага кўра, истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва қарздорликни ундиришни такомиллаштириш мақсадида истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш ҳақида ижро ҳужжатини бериш тўғрисидаги аризага истеъмолчи билан тузилган шартнома, пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тармоқдан узиш ҳақида огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни узиш тўғрисидаги талаб ҳамда унинг истеъмолчига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек, истеъмолчини тегишли тармоқдан узиш ҳақидаги далолатноманинг нусхаси илова қилиниши белгиланмоқда.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг зарурати нимадан иборатлиги ва бошқа бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА