Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданият вазирлиги томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2024 йилдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, вазирлик томонидан 2023 йилда юртимизда 12 та халқаро фестиваль ва конференция ташкил этилиб, хорижий давлатларда 35 та ижодий гастрол сафарлари амалга оширилган.

Юртимиз бўйлаб ўтказилган 17 минг 202 та концерт-томоша тадбирларида 9 миллион 687 минг, театрларда уюштирилган 10 минг 586 та спектакль сеанслари орқали 3 миллион 203 минг нафар томошабин, “Ўзбекцирк” давлат муассасасининг 604 та цирк томошалари натижасида 42 минг нафар томошабин қамраб олинган.

 

2023 йилда тўлиқ жонли ижро асосида 110 та концерт-томоша тадбири ўтказилди. Мазкур кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга кўпроқдир. Шунингдек, юртимизнинг 7 та ҳудудида, хусусан, Aндижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида “Маданият карвони” тадбирлари юқори савияда ташкил қилиниб, таниқли санъаткорлар томонидан аҳолига концерт дастури тақдим этиб келинмоқда.

Ўтган йилда Навоий, Наманган ҳамда Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театрлари учун янги бино қурилган бўлса, 7 та маданият маркази таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Кинематография соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди, жумладан, 149 та киномаҳсулот – кўплаб бадиий, ҳужжатли фильмлар, мультфильм, сериаллар, қисқа метражли фильмлар яратилди.

5 та хорижий давлат билан Aнглашув меморандумлари ва ҳамкорлик дастурлари имзоланиб, 4 та давлатда “Ўзбекистон маданияти кунлари” ҳамда Ўзбекистонда 4 та хорижий давлатнинг “Маданият кунлари” ташкил этилди.

Маданият соҳасидаги таълим муассасаларига ёшларни қамраб олишга эътибор қаратилган. Республикадаги барча вилоят ва уларнинг туманларида Маданият вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари фаолият юритади. Бу эса энг чекка ҳудуддаги иқтидор эгаларининг истеъдодини рўёбга чиқаришга кўмак бермоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бутун дунёга маданиятимизни тараннум этишда, уни ривожлантиришда, албатта Ҳукумат даражасида қабул қилинган ҳужжатларнинг ўрни муҳим. Президентимизнинг “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан кейин Марғилон шаҳрида вазирлик тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилди.

Aндижон, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида 28 та аския тўгараги фаолияти йўлга қўйилиб, ҳажвий асарларни саҳналаштириш учун 5 та асарга давлат буюртмаси эълон қилинди. Қолаверса, аския ва қизиқчилик санъати соҳасида таниқли 11 нафар ижодкорларнинг маҳорат мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Матбуот анжуманида театрларга замонавий инновацион технологияларни жадал жорий этиш, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” маданий тадбирларини янада мукаммал ташкил этиш ва уларга истеъдодли ёшларни кўпроқ жалб этиш, ижодий тақдимот ва танловларнинг савиясини тобора юксалтириш билан боғлиқ саволларга Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков атрофлича жавоб қайтарди.

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири