Нукусда “Энг намунали маҳалла раиси” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Ш.Отемисов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С. Турманов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда маҳалла институтининг нуфузини оширишга қаратилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида жами 452 нафар маҳалла раиси фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда улар томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Энг намунали маҳалла раиси” республика кўрик-танловини ўтказиш белгиланди.
Кўрик-танлов низомига мувофиқ, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида 19 февралдан 29 февралга қадар сектор, шаҳар ва туман босқичлари ўтказилиб, уларда 447 нафар маҳалла раиси иштирок этди. Натижаларга кўра, биринчи ўринни қўлга киритган 17 нафар раис танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳакамлар ҳайъати натижаларига кўра, Чимбой туманидаги “Гужимли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жузимгул Абдрасулиева биринчи ўринни, Бўзатов туманидаги “Қусханатов” овул фуқаролар йиғини раиси Жугинис Нурманов иккинчи ва Тўрткўл туманидаги “Яшнобод” овул фуқаролар йиғини раиси Ўрингул Аллабергенова учинчи ўринни эгаллади.
–Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, маҳалла раисларининг ваколатини кенгайтириш, “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш вазифалари белгилаб берилмоқда, – дейди танлов ғолиби, Чимбой туманидаги “Гужимли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жузимгул Абдрасулиева. –Айниқса, ҳар бир ҳудудда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Маҳалламизда ҳам ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 2 миллиард 700 миллион сўм кредит ажратилишига эришилди. Бу эса 100 нафардан зиёд аҳолига оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш имконини берди. Шунинг учун ҳам бу ютуқ нафақат меники, балки ҳамкорликда ишлаётган ходимларники, деб биламан. Келажакда бор билим ва тажрибамни билдирилган ишончни оқлашга сарфлайман.
Танлов ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ҳамда пул мукофотлари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбири