Нукусда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.
Тадбирда шаҳар ва туманлардан келган нуроний онахонлар, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
У,шбу байрам уйғониш фасли, меҳр-муҳаббат ва гўзаллик тимсоли бўлиш билан бирга, хотин-қизларга бўлган ҳурмат-эътиборни ўзида мужассам этади. Чунки биз гўзаллик билан меҳр-мурувватнинг энг юқори фазилатини муқаддас оналаримиз билан ажойиб хотин-қизларимиз мисолида кўрамиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, Яратганимиз ҳам биздан рози бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши уларга бўлган чексиз ғамхўрлик, юқори ишонч ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ҳар биримиз учун азиз хотин-қизларни қадрлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашдек эзгу ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Ўтган йилнинг ўзида хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Ибратли аёл” кўкрак нишони таъсис этилди. 247 нафар хотин-қиз тураржой билан таъминланиб, 17 минг нафардан зиёдига доимий иш ўрни яратилди. 4 минг нафарга яқин хотин-қизга 20 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик билан шуғулланувчи 29 минг нафардан зиёд хотин-қизга 563 миллиард сўм кредит берилди.
Шу билан бирга, 24 минг нафардан зиёд хотин-қизга 26,1 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилгани, олий ва ўрта махсус таълим юртларида таҳсил олаётган 22 минг нафарга яқин талаба қизларга 197 миллиард сўм таълим кредитининг ажратилиши, ижтимоий муҳофазага муҳтож 150 нафар талаба қизнинг 1 миллиард сўмдан зиёд шартнома пули тўлаб берилиши, 112 нафари имтиёзли грант, беш йиллик меҳнат стажига эга 19 нафарининг шартнома асосида олий ўқув юртига қабул қилингани, буларнинг барчаси уларнинг ҳаётидаги аҳамиятли воқеа бўлиб ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан нафақа ёшидаги 43 нафар она Умра зиёратига бепул бориш бахтига муяссар бўди. Ушбу эзгу ишлар жорий йилда ҳам давом этади.
Ўзининг самарали меҳнати, бой тажрибаси билан юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшаётган қорақалпоғистонлик 5 нафар хотин-қиз давлат мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори асосида Нукус шаҳар Есжан бахши номидаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Гулшинар Худайбергенова ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Чет тиллари факультети филология йўналиши 4-босқич талабаси Нурсулиу Коканова ушбу мукофотга лойиқ деб топилди. Байрам арафасида 20 нафар хотин-қиз “Мўътабар аёл”кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан бир гуруҳ фидоий хотин-қизларга кўкрак нишонлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг фахрий ёрлиғи, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган хотин-қизларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар камтарона хизматлари юксак қадрланиб, мукофотга муносиб кўрилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Тадбир санъат усталарининг байрам концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари