Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан жойларда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан турли маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали билан ҳамкорликда “Кеча ва бугун қорақалпоқ хотин-қизлари” деб номланган миллий либослар кўргазмасини ташкил этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини кўкламнинг қутлуғ айёми, эзгулик ва гўзаллик байрами, халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан муборакбод этди.
Байрам муносабати билан ташкил этилган кўргазмада шаҳар ва туманлардан 10 нафардан зиёд ҳунарманд ўзларининг янги дизайндаги баҳор фасли учун махсус тикилган миллий либослари билан иштирок этди. Тадбирнинг айнан баҳор фаслининг дастлабки кунларида ўтказилиши барчага байрамона кайфият бағишлади.
–Мустақиллик йилларида миллий урф-одат ва дастурларимизни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда, – дейди “Тулумчоқ стайл” дизайн ательеси раҳбари Г.Хожанова. – Бир-биридан чиройли миллий кийимлар барчада қизиқиш уйғотди. Мазкур тадбирнинг Наврўз умумхалқ байрами арафасида ўтказилиши ҳунармандларга миллий кийимлар бўйича тажриба алмашиш имконини берди.
Тадбир якунида ўзларининг ижодий ишлари билан миллий-маданий меросимизни тарғиб қилишдаги фидойилиги, янгиликка интилиши, замонга мос изланишлари билан фаол иштирок этган хотин-қизларга ташаккурномалар топширилди.
Тадбир санъат усталарининг байрам концерти билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари