Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ қизлар мазкур мукофотга сазовор бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар Есжан бахши номидаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Гулшинар Худайбергенова ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Чет тиллари факультети филология йўналиши 4-босқич талабаси Нурсулиу Коканова ҳам ушбу мукофотга лойиқ деб топилди.
1999 йил 10 май куни Хўжайли туманида туғилган Г.Худайбергенова санъат соҳасининг бахшичилик йўналишида ижод қилиб келмоқда. Республика миқёсида ўтказилиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг фаол иштирокчиси ҳамда танловларда ғолибликни қўлга киритган. 2019 йили Тошкент шаҳрида Тасвирий санъат галереясида бахши Ерисбай Асқаров билан бирга “Саятхон-Ҳамро” номли достон кечасини ўтказди.
2022 йили Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ойимхон Шамуратованинг 105 йиллиги муносабати билан ўтказилган кўрик-танловда фаол иштирок этди. 2023 йили “Аббоз овози-Қоратеран оҳанглари” фольклор фестивали доирасида “Бахшичилик” йўналишида ўтказилган республика танловида, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тариховнинг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика бахшилар танловида биринчи, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган “Анъанавий ва замонавий чолғу ижрочилиги” кўрик-танловининг Қарақалпоғистон Республикаси босқичида иккинчи ўринни эгаллади.
Нукус шаҳар Есжан бахши номидаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида 2022-2023 ўқув йили давомида фидокорона меҳнати, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Г.Худайбергенова бахшичилик билан бирга, ўз йўналиши бўйича республика миқёсида ўтказилиб келаётган илмий-амалий конференцияларда тезис ва мақолалари билан иштирок этиб келмоқда.
Қорақалпоқ давлат университетининг Чет тиллари факультети 4-босқич талабаси Н.Коканова 2002 йил 18 сентябрда Кегейли туманида туғилган. Инглиз тили ва адабиёт фанини чуқур ўзлаштириш билан бир қаторда ёшлар ўртасида китоб мутолаасини ҳамда адабиётни кенг тарғиб этиш, қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотларга ҳисса қўшиб келмоқда. 2018 йил “Мустақил юрт фарзандиман”, 2022 йил “Customs of Karakalpakstan” номли китоблари, 2023 йил “The World of Idioms” df “English Idioms” номли монографияси чоп этилган. 2018 йил “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, олий мукофот, яъни Президент совғаси “Spark” автомобили билан тақдирланди.
2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Умид учқуни” кўкрак нишони, Ҳиндистон Республикаси “CSIR-CECRI JIGYASA” ташкилоти томонидан дунё китоблари кунига бағишлаб ўтказилган онлайн танловда сертификат билан тақдирланди. 2022 йилда Қозоғистон Республикасида ташкил этилган “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги –2022” танловида, 2023 йилда Россия давлатининг “Dictation NSTU 2023” халқаро онлайн танловида иккинчи ўринни эгаллаган.
У Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан чет тилини билиш даражаси тўғрисида С1 даражали сертификат билан тақдирланди. Ҳиндистоннинг Ramco институти томонидан “Табиатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан ўтказилган халқаро онлайн танловда сертификат, Покистоннинг «Iqra foundation» фонди томонидан “Тинчлик ва адолатни ҳимоя қилувчи махсус элчиси” гувоҳномасини қўлга киритди.
Ҳар икки юртдошимизни юксак мукофот билан муборакбод этиб, келгуси ишларида муваффақиятлар ва омад тилаймиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири