Франция Президенти Эммануэль Макрон яқин ҳафталарда Украинага ташриф буюради, деб ёзган “Франс Пресс” агентлиги Елисей саройи манбаларига таяниб.

Президент Владимир Зеленский Франция етакчиси билан телефон орқали суҳбатдан кейин Макрон яқин орада Украинага келишини маълум қилган.

Икки давлат етакчилари мулоқотида французлар етакчиси “чуқур зарба бериш учун коалиция” тузиш бўйича саъй-ҳаракатни давом эттириш ҳамда Чехиянинг ўқ-дори борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш ниятини билдирди.

Аввалроқ Макрон ЕИ Украинага ўрта ва узоқ масофани босиб ўта оладиган ракета етказиб бериш учун “тўққизинчи коалиция” тузиш бўйича келишувга эришгани ҳақида баёнот берган. Февраль охирида эса Макрон Франция Россия урушда ғалаба қилмаслиги учун бор имкониятни ишга солишини таъкидлаган. Унинг айтишича, Ғарб мамлакатлари етакчилари Украинага қўшин жўнатиш имкониятини муҳокама қилган, лекин бу масалада бир тўхтамга келинмаган.