2024 йил тарихан энг йирик сайловлар йилига айланиши кутиляпти. Бу йил дунёнинг 60 дан зиёд мамлакати, жумладан АҚШ, Мексика, Ҳиндистон, Покистон, Португалия ва Индонезия каби аҳолис кўп давлатларда сайлов бўлиб ўтади.
Бугун, 10 март куни Португалияда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказиляпти, деб хабар берди “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги.
Маҳаллий матбуот ёзишича, мамлакатнинг 10 миллиондан зиёд фуқароси Республика Ассамблеяси – бир палатали парламентга 230 нафар депутатни сайлаяпти.
Жаҳон стандартига мувофиқ, сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 19:00 га қадар очиқ бўлади. Овоз беришнинг дастлабки натижаси бугун кечаси эълон қилинади.
– Аслида сайлов 2026 йил ўтиши керак эди. Кутилмаганда 2023 йил ноябрда Президент Марселу Ребелу де Соуза парламент тарқатилиши ва муддатидан олдин сайлов ўтказилишини маълум қилди, – ёзган АП.
Давлат раҳбари фуқароларни мазкур сиёсий воқеликка бефарқ бўлмасдан, фаол иштирок этиш, муносиб партияга овоз беришга чақирди. У дунё бўйлаб ечимини топмаётган муаммолар мамлакат фаровонлигига ҳам таҳдид соляпти, деган фикрни илгари сурди.
Дарвоқе, сайлов мамлакатдаги коррупция можароси, иқтисодий муаммо ва ижтимоий мураккаб вазият асносида ташкил этилмоқда.
Шанба оқшомида телевидение орқали халққа йўллаган мурожаатида Ребелу де Соуза ушбу сайлов ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Жорий йил охирида Европарламент ва Қўшма Штатлардаги сайловларнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган натижаси, шунингдек Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги можаролар иқтисодий муаммога олиб келиши мумкинлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Ўзбекистонда ҳам парламент сайлови ўтказилиши режалаштирилган.
Б.Худойбердиев, ЎзА