Поезд ҳалокатида икки қўлидан айрилган 45 ёшли ҳинд рассоми Деҳлидаги “Sir Ganga Ram” касалхонасида 12 соатлик икки томонлама қўл кўчириб ўтказиш операциясини ўтказди, дея хабар беради “Hindustan Times” нашри.
Гап шундаки, бундан тўрт йил аввал пойтахтнинг Нанглои мавзесида яшовчи Раж Кумар велосипедда уйи ёнидаги темир йўлни кесиб ўтаётганда бошқарувни йўқотиб, релсга йиқилади ва поезд тагига тушиб қолади.
— У кундалик фаолиятида бошқаларга қарам бўлиб қолган эди, -дейди тиббиёт муассасасининг пластик ва косметик жарроҳлик бўлими бошлиғи, доктор Маҳеш Мангал. — Беморнинг ягона йўли протезлардан фойдаланиш ёки қўл трансплантацияси эди. Аввалига Раж протез ишлатишни бошлади, лекин бунга кўника олмади ва унинг ягона умиди қўл кўчириб ўтказиш операциясини ўтказиш бўлиб қолди.
2023 йил февраль ойида “Sir Ganga Ram” қўл трансплантациясини амалга оширишга рухсат олган мамлакатдаги биринчи шифохонага айланди.
— Биз қўл операцияси учун потенциал номзодлар излаётганимизда, Раж Кумар рўйхатимизда бор эди, -дея қўшимча қилади доктор Мангал. —Тиббий протоколга кўра, жараёндан олдин бемор устида батафсил ва махсус текширувлар ўтказилди. Сўнг, жарроҳлар жамоаси турли таркибий қисмларни – суяклар, артериялар, томирлар, тендонлар, мушаклар, нервлар ва терини нозик тарзда қайта бириктириб, мураккаб амалиётни амалга ошириш учун ишга киришди.
Шундай қилиб, ўлимидан сўнг донорликка розилик берган бир аёлнинг қўллари Раж Кумарга муваффақиятли ўтказилди ва рассом яна мўйқалами билан расмлар чиза оладиган бўлди.