Нукусда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёллари қадр топган юрт” мавзусида байрам кечаси ўтказилди.
Унда шаҳар ва туманлардан келган онахонлар, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари– Қорақалпоғистон Кенгаши раиси, сенатор У.Жалменов йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.
Бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизларга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётининг барча соҳасида ўз қобилиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларни ҳунармандчилик ва тадбиркорликка ўргатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ёрдам бериш мақсадида “Aёллар дафтари”ни татбиқ этиш, олий ўқув юртларида таълим олаётган қизларнинг контракт тўловларини тўлаш, фидойи, иқтидорли қизларни муносиб баҳолаш каби қатор ишлар амалга оширилаётгани опа-сингилларга ва дилбар қизларимизга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Хотин-қизларни эъзозлаш, барча соҳаларда самарали фаолият юритаётган ҳамда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшаётган фаол хотин-қизларни рағбатлантириш, намунали касбий маҳорати билан барчага ўрнак бўлган меҳнат фахрийларини шарафлаш ишларида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жамоа келишувлари ва шартномалари орқали давлат дастури асосида “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида 3 минг 835 нафар хотин-қизга совғалар топширилди.
Ҳар йили республикамизда хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси томонидан ўтказилаётган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” ва “Энг намунали иш берувчи аёл” танловларининг Ўзбекистон Республикаси босқичи ғолиби Амударё тумани, “Назархан” овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Гулжаҳон Ибраимова ҳамда Нукус шаҳри “Чимбой чойхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Шаҳзода Абдираманованинг ҳар бири 30 миллион сўм билан тақдирланди.
Байрам кечасида Ватанимизнинг ривожланиш йўлида самарали меҳнат қилаётган, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги фидойи хотин-қизлар ва нуроний оналар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири