Бош прокуратура Европа Кенгаши билан ҳамкорликда семинар ўтказди

394

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Европа Кенгаши билан ҳамкорликда “Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик” мавзусидаги ўқув курсларини бошлаш бўйича семинар ташкил этилди.

Мазкур тадбир Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “Марказий Осиёда ҳуқуқ устуворлиги” лойиҳаси “Марказий Осиёда юридик мутахассислар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим (HELP)” дастури доирасида бўлиб ўтди.

Унда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, прокуратура органларининг ҳудудий тармоқлари, транспорт ва ҳарбий прокуратуралар ходимлари иштирок этди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова кейинги йилларда прокуратура органлари томонидан жиноий-ҳуқуқий соҳада халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш, хусусан, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Европа Кенгаши экспертлари томонидан “Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик” HELP ўқув курсининг тақдимоти ўтказилди. Жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, экстрадиция, жиноий активларни қайтариш ва маҳкумларни топшириш соҳаларига доир Европа стандартлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчилари жиноий-ҳуқуқий соҳада халқаро ҳамкорликни амалга оширишнинг амалий масалалари борасида фикр алмашди. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Н.Абдураимова, ЎзА