Музейларда кадрлар масаласи энг оғриқли муаммолардан бири (+видео)

710

Миллатнинг тарихи ва маданий меросини сақлаб қолишда музейларнинг ўрни беқиёс. Музейлар бизга исталган давр ҳақида кўплаб тафсилотларни ўрганиш имконини беради.

Бугунги кунда республикада халқимиз маданий мероси билан боғлиқ бўлган 444 та музей фаолият олиб бормоқда. Шундан 155 таси турли соҳаларга тегишли давлат музейлари ҳисобланади. Улардан 114 таси Маданий мерос агентлиги тасарруфида.

Музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маркетинг сиёсати ва хизматлар соҳасини комплекс ривожлантириш борасида қандай амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Соҳага малакали кадрларни жалб қилиш ишлари қониқарлими? 

Мазкур саволлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Дилобархон Мирҳусанова қуйидагиларни маълум қилди.

– Сўзим бошида бир нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдим, – дейди Дилобархон Мирҳусанова. – Музейлар бўлмаганда биз ҳеч қачон ақлбовар қилмас ўтмиш ҳақида муҳим маълумотларга эга бўла олмас эдик. Айнан музейларгина бизга тарихни сингдириб, ҳаётга аждодлар нигоҳи билан қарашга ундайди.

Тўғри, сўнгги йилларда музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва жамият ҳаётидаги таъсирини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Соҳага оид бир қанча ҳужжатлар қабул қилинди. Айниқса, ўтган 2023 йил 22 декабрда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида музейлар фаолиятини янада ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилгани қувонарли ҳол бўлди. Музейлар узоқ ўтмишдан мерос бўлиб келаётган маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган йиғиндиси экани билан ҳам қимматлидир. Аммо бугун музейларни янги босқичга олиб чиқишдан олдин соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш лозим.

Энг аввало музейларда янги билим ва тажрибаларга эга кадрларга эҳтиёж ортмоқда. Музейлар таркибига ихтисослаштирилган мутахассислардан тарихчи, санъатшунос, биолог ва бошқа соҳа вакиллари билан биргаликда, менежмент ва маркетинг бўйича билим ва кўникмаларга эга кадрларни жалб этиш муҳим.

Музейшунослар музей соҳасида ёш кадрларни ишга жойлаштиришда қайта-қайта бир хил муаммони таъкидлаб келади. Хусусан, кўп музейларда талабалар учун доимий равишда амалиётлар ташкил этилади. Бироқ, олий таълим муассасалари талабалари ва битирувчиларида музей ишига қизиқиш уйғонмаслиги ачинарли ҳол. Амалиётдан ўтган ёшларнинг атиги 5-10 фоизигина музейда ишлаш истагини билдиради.

Музейларда кадрлар масаласи энг оғриқли муаммолардан бири. Музейлар сиёсатида малакали кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масаласи устуворлик қилмоқда. Бироқ биргина Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтида тайёрланаётган музейшунос кадрларнинг иш билан таъминланиш даражаси мақтангулик бўлмаган.

Музейда ишлаш истагини билдирувчилар сони 10 фоизни ҳам ташкил қилмаган ҳолатда музей соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини кенгайтиришдан мантиқ нима? Соҳа вакили сифатида шуни айтишим керакки, соҳада таълим тизимини такомиллаштиришдаги бирламчи вазифа музей ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Тўғри, музей ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида давлат томонидан яратилаётган имкониятларни инкор қилиб бўлмайди. Мавжуд қонунчиликда фан доктори илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлганларнинг ойлик маоши 2,5 коэффициентга оширилган ҳолда белгиланиши ҳамда фан номзоди илмий даражаси, фалсафа доктори ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлганларнинг ойлик маошлари 2 коэффициентга оширилган ҳолда белгиланиши қайд этилган.

Аммо музей ходимларининг ҳаммаси ҳам илмий даражага эга эмас. Республика музейларидаги 3 миллион нафарга яқин ходимнинг атиги 18 нафари фан номзоди илмий даражасига, 17 нафари фан доктори илмий даражасига эга. Ушбу кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, музей ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини аҳолининг ижтимоий эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш масаласи долзарб.

Шунингдек, ечимини кутаётган муаммолардан бири ҳозирда аксарият музейлар биноси ҳамда 115 мингдан ортиқ музей ашёси таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Экспозиция майдонларининг камлиги эвазига 2,5 миллиондан ортиқ экспонатдан атиги 0,7 фоизи – 130 мингдан ортиқ ашё намойишга қўйилган.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Ўзбекистон музейларининг келажаги бевосита музей соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш, музейлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш каби масалаларнинг ижобий ҳал этилиши билан боғлиқдир.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди. 

ЎзА