Давлат дастуридаги ёшларга оид мақсад ва вазифалар изчил ва самарали амалга оширилади

272

Юртимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар изчил давом эттирилишидан далолатдир. Шу боис, жорий йилги давлат дастурида ҳам ёшлар масалалари билан боғлиқ ишлар натижадорлиги ва ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади.

Ёшлар бириктирилган раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб боради.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда изланувчан, янгиликларга интилувчан ёшлар бисёр. Фақат уларга озгина эътибор, моддий ёки ижтимоий туртки керак. Эндиликда айрим тоифа ёшларимизнинг раҳбар кадрларга бириктирилиши, уларнинг ўзларига бириктирилган ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш учун тегишли ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўллаб-қувватлаши ўйлайманки, яқин келажакда ўзининг ижобий натижасини кўрсатмасдан қолмайди.

Шу билан бирга, давлат дастурида 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм бўлган хорижий тиллар бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этиб борилиши ҳам назарда тутилган.

Ушбу ақлий ва жисмоний спорт ўйинларининг мунтазамлик асосида ўтказиб борилиши, ёшларимиз вақтини мазмунли ўтказиш билан бир қаторда ёшларни маҳалла ва мактаб ёшидан бошлаб маълум бир мақсадларга эришда бир тану, бир жон бўлиб жамоавий ҳаракат қилишга ўргатади.

Албатта, йил номидан ҳам маълумки жорий йилда ёшлар бандлиги ва тадбиркорлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтириш белгиланган.

Қолаверса, 1 июндан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “маҳалла — туман — вилоят – республика” босқичлари доирасида “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари саралаб борилади. Бунда ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилади.

Республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатда хорижий тилларни ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш ҳамда аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, давлат дастурида ҳам 1 мартдан бошлаб “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш амалиётини йўлга қўйиш орқали “Устоз” махсус платформасини ишга тушириш ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшларни қамраб олиш мақсад қилинган. Шу билан бирга, ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилади. Бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этиб борилади.

Хулоса қилиб айтганда, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасида илгари сурилган ёшлар сиёсатига оид мақсад ва вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ёшларимизга ўз иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш имконияти бериш билан бирга, уларнинг Ватанимиз тараққиётидаги масъулияти ва дахлдорлигини ошириш имконини ҳам беради.

Музафара Абдиева, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати