Ҳунарманд хотин-қизлар фаолияти ривожланмоқда

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан ҳунарманд аёллар учрашуви ҳамда улар ижодига бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Унда мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб имтиёз ва преференциялар берилгани таъкидланди.
Савдо шохобчаларида миллий маҳсулотларимизни кўпайтириш, амалий санъат маҳсулотлари билан бир қаторда ҳамёнбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик маҳсулотларини миллий рўйхатдан ўтказиш яъни, брендлашнинг аҳамияти ва зарурияти, ҳунарманд аёлларнинг фаолиятини амалга оширишдаги муаммолар ҳақида сўз юритилди.
Республика “Ҳунарманд” уюшмасига 4 минг 616 нафар ҳунарманд аёл аъзо бўлиб, бугунги кунда ажратилган кредитлар, субсидиялар ва уста-шогирд мактабларининг ташкил топиши ҳисобига соҳада банд бўлган ҳунарманд аёллар сони 47 минг, шогирд аёллар сони 153 минг нафарни ташкил этади.
2024 йилда эса яна 25 минг хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Таъкидланганидек, Уюшма қуйи тузилмаларининг ўзаро самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилиши натижасида республика бўйича жами 9 минг 568 та маҳалланинг 7 минг 39 тасига ҳунармандчилик соҳаси кириб борди.
Ўтган давр мобайнида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан Уюшма аъзолари ва кам таъминланган ҳамда ишсиз, шунингдек, ногиронлиги бўлган жами 16,5 минг нафар фуқарога 15,6 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида 36 минг нафар ҳунармандга 1,1 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар берилди.
2022-2023 йилларда уюшма томонидан 70 миллион сўм миқдорида давлат грантлари жалб қилиниб, юзлаб хотин-қиз ва болалар ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ўқитилди.
Мўйноқ, Шуманай туманларига уста-шогирд мактабларини, Олтинсой, Уйчи туманларидаги эҳтиёжманд ҳунармандларга фаолиятини ривожлантириш учун тикув машиналари ва хомашё (жун) ажратилиб, тикувчилик ва қўлда гилам тўқиш бўйича уста-шогирд мактаблари ташкил қилинди. Бу билан юзлаб аёлларнинг бандлиги таъминланди.
Жорий йилда ҳам махсус курслар ташкил этилиб, 290 нафар хотин-қизнинг ўқитилиши кўзда тутилган.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА