Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – бу ёшлар масалалари ҳисобланади. Мамлакат раҳбари томонидан 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.

Шунга кўра, ёшларнинг илм олишга бўлган иштиёқини ошириш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларида кўмаклашиш ва тараққиёт йўлидаги ишлар учун дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан биридир.

Айни шу мақсадда Адлия вазирлиги томонидан “Ибрат фарзандлари” нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ташкилотнинг асосий мақсади – ўзбекистонлик тил ўрганувчиларига хорижий тилларни, хорижликларга ўзбек тилини тизимли ва креатив усулда ўргатиш, соҳага доир ўқув қўлланмалар, дастурлар, электрон ва босма дарсликлар яратиш, ёшларни билим олишга ундовчи видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат.

Ташкилот дунё тилларини ўзбек тили орқали ўргатишни қўллаб-қувватлаш, ўзбекистонлик ёшларнинг саводхонлик даражасини ошириш ва хорижий тилларни ўрганишини таъминлаш, хорижий мамлакатларда фаолият олиб борувчи таълим муассасалари, тил мактаблари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тиллар марафонини ташкил этиш ва бу орқали ҳар бир тилни лойиҳа доирасида мукаммал эгаллаган фойдаланувчиларни излаб топиш, рағбатлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Н.Абдураимова, ЎзА