Сенатнинг хотин -қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Қарман бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур тузилма билан ҳамкорликда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда Сенат ҳамда Тараққиёт дастури ҳамкорлигидаги “Ўзбекистон миллий гендер стратегиясининг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали тенгликка эришиш” қўшма лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати ва ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ўтган йили Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиришнинг келажак истиқболларини ўрганиш (Foresight) концепцияси ишлаб чиқилиб, миллий экспертлар гуруҳи шакллантирилди. “Давлат муассасалари учун гендер тенглик нишони” глобал дастурини амалга ошириш доирасида Божхона қўмитаси учун маҳорат дарслари ва сўровлар ўтказилди. Гендер стратегиясини амалга ошириш мониторинги ва мақсадли кўрсаткичлари (субиндикаторлар) ишлаб чиқилди.

Мулоқот чоғида лойиҳанинг 2024 йилги асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Унда Миллий етакчи аёллар платформаси аъзоларининг ҳамда захирадаги етакчи аёлларнинг салоҳиятини ошириш, сиёсий ҳаётдаги фаоллигини кучайтириш, сиёсий партиялар ва маҳаллий Кенгашлар вакилларининг етакчилик кўникмаларини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, суҳбат чоғида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишда ҳамкорликни кучайтириш, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар ва халқаро тадбирлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 Н.Абдураимова,ЎзА