Саудия Арабистони Подшоҳлиги ахборот агентлиги – “SPA” ўз ракурсини Халқаро Ислом савдо-молия  корпорацияси (ITFC) ва Ўзбекистон ўртасида умумий қиймати 715 миллион доллар бўлган кўплаб шартномалар имзоланганига қаратди.

Шу мавзудаги мақолада Тошкентда 4-5 март кунлари бўлиб ўтган Араб мувофиқлаштириш гуруҳи йиғилиши доирасида Ислом тараққиёт банки гуруҳи аъзоси – Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси Ўзбекистон билан қатор битимлар имзолагани батафсил ёритилган.

Муаллиф дастлабки келишув, яъни 2024-2026 йилларга мўлжалланган 600 миллион долларлик ҳужжат – мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда ITFC бош ижрочи директори Хани Салим Сонбол томонидан имзоланган доиравий ҳамкорлик шартномасига алоҳида тўхталган.

Ушбу шартнома савдо ва қишлоқ хўжалигини, давлат корхоналарини қўллаб-қувватлаш, фармацевтика, озиқ-овқат йўналишларида фаолият олиб бораётган кичик, ўрта корхоналарни молиялаштиришга қаратилган.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган иккинчи келишув доирасида стратегик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш, йил давомида барқарор буғдой таъминотига эришиш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат 100 миллион долларлик “Муробаҳа” молиялаштириш битимидир.

Халқаро ислом савдони молиялаштириш корпорацияси юртимизда кичик ва ўрта компаниялар ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 15 миллион доллар қийматга эга битим ҳам имзолаган.

– Ушбу шартномалар Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш баробарида, умуман Марказий Осиё минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга содиқлигимизни тасдиқлайди, – деди Хани Салим Сонбол.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА