Хитой Халқ Республикасининг Жиангсу провинцияси Нантун шаҳри халқ ҳукумати мэри ўринбосари Ли Лин хоним бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.

“Ипак йўли” халқаро туризм марказида Самарқанд вилояти масъуллари ва Нантонг шаҳри мутасаддилари, тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ўтказилди.

Форум доирасида доирасида вилоят ҳокими ўринбосарлари Рустам Қобилов, Ойбек Ҳамраевлар ва Нантун шаҳри халқ ҳукумати мэри ўринбосари Ли Лин хоним бошчилигидаги делегациянинг расмий учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр алмашди.

Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов Самарқанд ва Жиангсу провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланаётганини таъкидлаб, икки томон делегацияларининг мунтазамлик касб этган ташрифлари давомида эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилаётганини қайд этди. Келгусида бу ишларни янада жонлантириш мақсадида текстил, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, электротехника, металлургия соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга талаб юқорилигини билдирди.

Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида маданий алоқаларни ҳам ривожлантириш зарурлигини қайд этиб, Нантун шаҳри маданият вакилларини Самарқандда ўтказиладиган Наврўз умумхалқ байрами тадбирларига таклиф қилди.

Ўз навбатида Нантун шаҳри халқ ҳукумати мэри ўринбосари Ли Лин хоним ўзаро алоқалар янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб, Самарқанд билан ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишларига тўхталиб ўтди. Хусусан, Хитойнинг саноатлашган ҳудудларидан бири бўлган Нантун шаҳри ҳукумати томонидан текстил, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, ушбу йўналишдаги юқори сифатли технологиялар, электротехника, чиқиндини қайта ишлаш, металлургия соҳаларида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди.

Учрашувдан сўнг томонлар ўз минтақаларининг иқтисодий салоҳиятлари ҳақида тақдимотлари билан ўртоқлашди. Нантун шаҳри савдо департаменти бошлиғи Гао Хунюй, Хайан шаҳри халқ ҳукумати мэри ўринбосари Лу Лин ҳамда Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова, Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов ҳудудларнинг иқтисодий имкониятлари ҳақида батафсил ахборот беришди. Шундан сўнг, ҳудудлар тадбиркорлари ўртасида В2В учрашувлари ўтказилди. Ҳар икки томон тадбиркорлари мавжуд лойиҳалари ҳақида маълумот алмашиб, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикрлашди.

Бизнес форум доирасида Нантун шаҳри ва Каттақўрғон шаҳри ҳамда Каттақўрғон туманлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, ҳар икки томондан иштирок этган тадбиркорлар, йирик ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари ҳамкорлик келишувларига эришди.

Нантун шаҳри халқ ҳукумати мэри ўринбосари Ли Лин хоним бошчилигидаги делегация вилоятнинг иқтисодий имкониятлари билан яқиндан таништирилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари