Ўзбекистонда экспорт нархларини сунъий равишда пасайтиришнинг олдини олиш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти устидан назорат ўрнатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлари Маҳкамасининг 2024 йил 29 февралдаги Республикада мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига кўра, 1 майга қадар назорат қилинадиган  маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлаш ва экспорт шартномаларининг нархлари мониторингини йўлга қўйиш топширилди. Бу Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси  томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси рўйхатга киритилган товарлар учун тавсия этилган   минимал  экспорт нархларини тасдиқлайди. Шу мақсадда палата вакиллари дунё бўйича мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари коньюктурасини мунтазам  кузатиб боради.

Минимал экспорт нархлари ҳар ҳафта  ОАВ (жумладан, интернетдаги очиқ манбалар)да ва ахборот нашрларида эълон қилинган нархлардан: Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналаридан олинган  ташқи бозорлардаги нархлар; Инвестициялар, саноат ва савдо  вазирлигининг ташқи савдо ва хорижий  муассасаларидан олинган нархлар; маҳаллий ва хорижий  савдо компанияларига  юборилган сўровлар асосида олинган  нархлар; ички бозордаги  мева-сабзавот маҳсулотларига қўйилган  улгуржи  ва чакана нархлардан  келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади;

Тавсия этилган экспорт нархлари ҳақидаги  маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот  тизимига  келиб тушиши керак. Шунингдек, бу маълумотлар Ўзбекистон  Савдо-саноат палатаси сайтида ҳам  очиқ эълон қилиб борилади.

Айни дамда,  шартномаларда мева-сабзавот нархларининг экспорт нархларини  тавсия  этилаётган нархларга нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда  пасайтиришга рухсат берилади.

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА