Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда фаол журналист аёллар, Уюшма масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, уюшманинг Журналист аёллар кенгаши раиси Феруза Одилова мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Уюшма томонидан оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам батафсил сўз юритди. Давра суҳбати иштирокчилари – фаол журналист аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 47 фоизга, тадбиркорликда 37 фоизга етгани, оммавий ахборот воситаларида ҳам салмоқли ўрин эгаллагани эътирофга молик.

Давра суҳбатида журналист опа-сингилларимизнинг ёзган мақолалари, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларида нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туриши, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳар қачонгидан муҳимлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбатида журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун “Ишонч телефони” фаолиятини йўлга қўйиш, “Фаол журналист аёллар” клубини ташкил этиш, фахрий журналист аёлларнинг тажрибасидан самарали фойдаланиш, республикамиз ҳудудлари бўйлаб журналист аёллар учун пресс-турлар ўтказиш бўйича таклифлар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

– Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбатида қатнашдик. Муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдик, – дейди таниқли журналист Нилуфар Умрзоқова. – Байрам арафасида бизга Уюшманинг совғалари тақдим этилди. Бундан жуда мамнунмиз, миннатдорлик билдирамиз. Мана шу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги барча аёллар, журналист аёлларни байрам билан табриклайман. Иштиёқингиз ҳеч қачон сўнмасин! Иштиёқ сўнмаса, қаламлар тебранади, чиройли кўрсатувлар бўлади, радиоэшиттириш ва мақолалар ёзилади. Ўзбекистондаги ҳар бир аёл эътибор ва эътирофга лойиқ!

Дарҳақиқат, журналистиканинг нони қаттиқ, дейишади. Бу жиҳатларни ҳар бир журналист ўзининг кундалик фаолияти давомида ҳис этади. Бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мамлакатимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида ҳам соҳа ходимлари ҳолидан хабар олиши, ёши улуғ фахрий журналистлар кўнглини кўтариши, ёшларга касбий маҳорат сирларини ўргатиши яхши анъанага айланди.

Тадбир якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, бунёдкорлик ишларини, жамият ҳаётида рўй бераётган янгиланишларни ёритишда фаоллик кўрсатиб, кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган бир гуруҳ журналист аёлларга эсдалик совғалари топширилди.

Н.Усмонова, ЎзА