Хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш халқимизга хос фазилат

530

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш халқимиз менталитетининг ажралмас қисмидир. Кейинги йилларда аёлларни ардоқлаш борасидаги ишлар мутлақо янгича босқичга кўтарилгани Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз, айниқса, аёлларни, мунис қизларимизни ҳаётдан рози қилиш борасидаги ғамхўрлигининг амалий намунасидир.

2023 йил 21 декабрда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан иккита норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Булар “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ва “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарордир.

Фармон асосида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, натижалари бўйича муаммолар ечими юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари учун тавсиялар ишлаб чиқиш ва киритиш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот ишлари учун услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шу билан бирга оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар, социологик сўров, илмий конференциялар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, олимлар ва илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларида илмий тадқиқот ўтказаётган изланувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ишланмалари амалиётга жорий этилишига кўмаклашиш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга киритиб боришга ҳам мазкур институт томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ахборот хизматига кўра, мазкур институт томонидан хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш бўйича дастлабки 18 та онлайн ва офлайн мавзулар рўйхати шакллантирилди. 9 та онлайн мавзулар бўйича маърузалар, тестлар, топшириқлар ва глоссарийлар тузилди. 6 та мавзу бўйича видео съёмка олинди ва ҳозирда монтаж ишлари амалга оширилмоқда. “Рақамли ўқув платформа”нинг намунавий кўриниши яратилди.

2024 йилда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглигини таъминлаш бўйича 10 та амалий лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишида 36 та таҳлилий маълумотнома тайёрланади ҳамда фаолиятида фойдаланиш учун тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилади. Оилаларнинг бахтлилик индикатори методологияси такомиллаштирилади ва 14 та ҳудудий бирликларда амалиётга жорий қилинади.

Оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилади ва тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга киритиб борилади. “Масъулиятли ота-оналик” мезонлари ишлаб чиқилади ва республиканинг барча ҳудудларига жорий этилади. Оилавий қадриятлар ва гендер индекслар каталоги веб-портали ишлаб чиқилади ва ишга туширилади. Оила ва хотин-қизлар тизимида фаолият олиб бораётган масъул ходимлар, шу жумладан, маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари учун масофавий шаклда малака ошириш тизими яратилади.

Шу билан бирга Гендер тенглигини таъминлаш борасидаги илмий-тадқиқотлар кенгайтириш ҳамда бу йўналишда тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчиларни жалб қилиш мақсадида “Гендер тадқиқотлар” илмий-ўқув лабораторияси ташкил этилади. Давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ролини янада оширишга қаратилган “Аёллар энциклопедия”си ишлаб чиқилади. Институт томонидан бир қатор халқаро ва республика илмий-амалий конференциялари ўтказилади ҳамда улар натижаларига кўра ишлаб чиқиладиган тавсиялар мутасадди ташкилотларга тақдим этилади.

Айтиш керакки, 2023 йилнинг май-декабрь ойлари давомида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти томонидан “Оилаларнинг бахтлилик даражаси” мавзусида мамлакатнинг барча 14 ҳудудий бирликларида 3 054 нафар респондентлардан ўтказилган сўров натижалари ҳамда расмий статистик маълумотлар таҳлили асосида оилаларнинг умумий бахтлилик даражаси аниқланди. Ушбу кўрсаткич 8 та индикатор ва 21 та субиндикаторлардан ташкил топган умумий индекс воситасида баҳоланди.

Оилаларнинг бахтлилик индекси оилалар иқтисодий фаровонлиги; демографик барқарорлиги; соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги; таълим олиш имкониятлари; иш билан таъминланганлиги; оилавий ҳаётдан қониқиши ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиши; оилавий қадриятларнинг ўрни ҳамда аҳамияти; оилаларнинг давлат органлари фаолияти ва хизматларидан қониқиш даражасини қамраб олди.

Тадқиқотга 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган респондентлар жалб этилиб, уларнинг аксариятини 25-40 ёш оралиғидаги жуфтликлардан иборат оилалар ташкил этди. Ҳудудлар орасида Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оилаларнинг бахтлилик индекси кўрсаткичи энг юқори натижаларни кўрсатди. Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилоятлари эса мазкур рейтингнинг сўнгги ўринларидан жой олиб, уларда ўрта даражадаги ижобий кўрсаткичлар қайд этилди. Ўзбекистон бўйича оилаларнинг умумий бахтлилик индекси плюс 0,56 коэффициентни ташкил этиб, жамиятда кўп жиҳатдан ижобий кайфият устуворлик қилаётганидан далолат бермоқда.

Таҳлиллар натижасида Ўзбекистон оилаларининг аксарияти ўзини бахтли ҳис қилиши, ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараши, ҳаётий мақсадлари ҳамда режалари борлиги, муаммо ва қийинчиликларни халқимизга хос бўлган шукроналик ҳисси орқали енгиб ўтиши аниқланди. Оилаларнинг демографик барқарорлик ҳолати, оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятлилик даражаси ҳамда оилавий ҳаётдан қониқиш ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиш даражаси (+0,667) индикаторлари энг юқори натижаларни кўрсатди.

Оилалар бахтлилик даражасига таъсир кўрсатувчи асосий омилларга биринчи навбатда фарзандларнинг борлиги, ўзбек халқининг оилавий қадриятларга содиқлиги, оиладаги самимий муносабатлар ва ғамхўрлик, соғлом ҳаёт кечириш имконияти ҳамда иқтисодий фаровонлик ҳолатлари ижобий баҳоланганлиги қайд этилди.

Тадқиқотда кишиларнинг иқтисодий фаровонлиги, меҳнат фаолиятидан қониқиш даражаси ортгани сари уларнинг ўз ҳаёти ва оилавий турмуш тарзи барқарорлигидан қониқиш ҳисси шу даражада ортиши кузатилди. Мазкур ҳолат оилаларнинг ўзини бахтли ҳис қилишида маънавий омиллар билан биргаликда иқтисодий омилларнинг ҳам долзарблашаётганини намоён қилди.

Индикаторлар орасида оилаларнинг иш билан таъминланганлик даражаси (+0,323) ҳамда таълим олиш имконияти (+0,114) нисбатан паст натижаларни намоён қилди. Аҳоли ўртасида олий маълумотли бўлиш, ўз фарзандларини ўқитиш иштиёқи юқорилиги ижобий ҳолат ҳисобланади.

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева ва институт бўлим бошлиғи Бобур Хонтўраевлар томонидан “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси таҳлилий ахборот номли рисола нашр эттирилган. Унда “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси (WBL) 2009 йилда Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 2010 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ушбу индекс аёлларнинг иқтисодий имкониятларига таъсир кўрсатадиган қонунлар ва қоидалар ҳақида маълумот тўплайди. Шунингдек, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини яхшилаш, кенгайтириш ва гендер ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тадқиқотлар олиб боради.

“Аёллар, бизнес ва қонун” индекси тадқиқот ва сиёсат муҳокамаларини, иқтисодий имкониятлар ҳолати ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳақида ахборот беришга қаратилган. “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси барча учун иқтисодий имкониятларни таъминлаш бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишларни таъкидлаб, мамлакатларнинг эришилган ютуқларини намойиш этади.

Буларнинг барчаси кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром тобора ортиб бораётгани ва бундай ибратли ташаббуслар халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётганининг амалий натижасидир.

Н.Усмонова, ЎзА