Бухоро тажрибаси ўрганилди

290

Бухорода ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиларининг ўқув-амалий семинари ўтказилди.

Тадбирда вилоятда амалга оширилаётган илғор тажрибалар борасида тақдимот ўтказилди.

Таъкидланишича, вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар, корхона ва ташкилотларда иш юритиш тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Хусусан, олиб борилган семинарлар, тушунтириш- тарғибот ишларидан сўнг 2023 йилдан бошлаб лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилган.

Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш борасидаги комиссия саъй-ҳаракати туфайли 3 мингдан ортиқ аҳоли пункти ва уларнинг таркибий қисмлари тўлиқ давлат реестрига киритилди.

Кўча ёзувлари, номлавҳа ва пешлавҳалар, йўл кўрсаткичлари ҳар бир давлатнинг ҳудудий мансублигини билдирувчи воситалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларига асосан ташқи ёзувларни қонунчилик талабларига мослаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

–Ташқи реклама воситаларини чоп этувчи ва тайёрловчи ҳар бир тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, “телеграм” тармоғида алоҳида услубий кўмаклашув гуруҳи ташкил этдик, –дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Акбар Рустамов. –Бунда тадбиркорлар буюртма сифатида келиб тушган ҳар бир реклама ёки ахборот матнини гуруҳга узатиб, тегишли тилшунос мутахассислардан ижобий лингвистик хулоса олганларидан сўнггина чоп этиш амалиёти жорий этилди.

Олиб борилган ишлар натижасида вилоят ҳудудидаги барча 6х3 ўлчамдаги ташқи реклама конструкциялари, ЛЭД экранлардаги ёзувлар “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлар талабларига тўла мослаштирилди. Фақатгина, жорий йилнинг икки ойи давомида хорижий тилда ва хатоликлар билан ёзилган 2800 дан ортиқ пешлавҳа ва реклама ёзувлари тартибга келтирилди.

Давлат органлари ходимларининг давлат тили саводхонлигини ошириш борасидаги ишлар ҳам назоратда. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Бухоро ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда 10 минг нафарга яқин ходимнинг малакаси оширилди.

Қолаверса, ўтказилган танловлар орқали давлат тилини ўзлаштиришда юқори натижаларга эришган 50 нафарга яқин давлат хизматчиси қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Албатта, бу каби эришилган ижобий натижалар республика миқёсидаги турли танловларда муносиб эътироф этилмоқда.

Хусусан, сўнгги икки йил ичида Бухоро вилояти “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” танловида юқори ўринларни эгаллади (2022 йилда Жондор тумани 2-ўрин, 2023 йилда Шофиркон тумани 1-ўрин).

Шунингдек, семинарда Республика топонимика маркази, Тошкент шаҳри рақамли ривожлантириш департаменти раҳбарларининг географик объектлар ва ташқи рекламаларни тартибга солиш борасидаги тақдимотлари эшитилди.

Семинар давомида иштирокчилар бевосита жойига чиқиб Ғиждувон туманидаги ташқи ёзувларни тартибга келтириш, Шофиркон туманидаги давлат тилида иш юритиш, Жондор туманидаги географик оъектларни номлаш борасидаги илғор тажрибаларни ҳам ўрганди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси У.Маҳмудов қатнашди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири