Ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси даромад бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради

“Марказий Осиёда ҳайвонот дунёсига қарши жиноятларга қарши курашда салоҳият ва ёрдамни кучайтириш” халқаро лойиҳаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларини ягона вазифа – Марказий Осиёда ҳайвонот дунёсининг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун бирлаштиради.
Пойтахтимизда “Марказий Осиёда ҳайвонот дунёсига қарши жиноятларга қарши курашда салоҳият ва ёрдамни кучайтириш” халқаро лойиҳаси бўйича тадбир ўтказилди. Тадбирни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов кириш сўзи билан очди ва йиғилиш кун тартибининг долзарблигини таъкидлади.

– Ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси ҳозирда дунёда даромад бўйича тўртинчи ўринда туради, – дейди Абдурашид Содиқов. – Бу биохилма-хилликнинг асоси бўлган ёввойи табиат савдосига қарши курашиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини англатади. Ушбу мақсад йўлида маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Келгусида ҳаво, темир йўл ва бошқа транспорт йўллари орқали ҳайвонларни ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқиб кетишнинг олдини олиш борасида зарурий чора-тадбирларни бажариш режалаштирилган.
Марказий Осиёда ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича Фауна ва Флора дастури менежери Метт Лоттон ўз нутқида экологик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда CITES конвенцияси (йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция) бўйича мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистоннинг ҳиссаси катта ва кўмаги муҳим эканини қайд этди.

–Лойиҳанинг биринчи босқичи муваффаққиятли тарзда амалга оширилди, – дейди Метт Лоттон. – Асосий бўлимлар ўртасида алоқа, тажриба ва маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилмоқда, маълумотнома-ахборот адабиётлари тайёрланмоқда. Ҳайвонлар ва уларнинг ҳосилалари (шохлари, терилари) контрабандасини аниқлаш учун ҳидловчи итлар махсус ўқитилмоқда. Марказий Осиё давлатлари ўртасида трансчегаравий минтақавий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, чек қўйиш, тергов қилиш ва қонунбузарликларга нисбатан қонун ижросини таъминлаш функциялари кенгайтирилмоқда.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосини аниқлаш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш Марказий Осиё учун муҳим логистика муаммоси бўлиб, катта сармоя киритиш ва идоралар ўртасида самарали мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 19 минг 193 км қуруқликдаги чегарага эга ва чекланган, турли даражадаги устуворлик, молия ва ресурсларни ажратади. Ёввойи табиат манбалари ҳудудларида назорат-ўтказиш пунктларида жойлашган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари камдан-кам ҳолларда ёввойи табиат савдосига тўсқинлик қилиш, олдини олиш ёки уларга қарши курашиш учун зарур бўлган билим, маълумот ва технологияларга эга бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА