Жорий йил 4 март куни “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади. Байрам муносабати билан Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайиллари ташкил этилади.

Шунингдек, байрам арафасида кекса авлод вакилларидан,  хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидан, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб,  улар учун байрам дастурхонлари ташкил этилади ҳамда турли хайрия тадбирлари амалга оширилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар ташкил этилади,  республиканинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА