Кейинги йилларда ёшлар сиёсатига доир юздан зиёд қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада мустаҳкамланди ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди.

Олий таълим қамрови кейинги йилларда 4 баробарга ошди. O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бегзод Тагаев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Гулистон давлат педагогика институти талаба-ёшларининг саёҳати ташкил этилди.

Ташриф доирасида талаба-ёшлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати фаолияти, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ёшларга оид давлат дастурларига боғлиқ парламентга доир норматив-ҳуқуқий қонун ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар билан таништирилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим – “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Шу йилнинг ўзида 282 минг ёшга 416 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Республика бўйича ёшларнинг 124 минг нафари касб-ҳунарга, 133,8 минг нафари тадбиркорликка ўқитилди. Ёшлар тадбиркорлигини кредитлашнинг янги тизими йўлга қўйилиб, 253 минг 789 нафар ўғил-қизга 6,2 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу амалий ишлар натижасида 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар 8 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 750 мингдан ошди.

Ёшларимиз ҳам яратилган мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамиятда ўзини тўла намоён этмоқда. Мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли, фидойи ёшларнинг 758 нафари турли давлат мукофотларига сазовор бўлган. Хусусан, маҳаллий Кенгашлар ва парламентда кўриб чиқилаётган қонунлар бўйича ёшлар ўртасида жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, ёшлар ўзларининг муҳим масалалари юзасидан фикрлари, ғоялари ва таклифларини Ёшлар парламентидаги вакиллари орқали Сенатга ва унинг қўмиталарига етказиб бориши зарур.

Ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, хорижий мамлакатлар ёшлари билан алоқа ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, ёш депутатлар салмоғини ошириб бориш мақсадга мувофиқ. Ташриф давомида талаба-ёшларнинг Олий Мажлис Сенати сенаторлари билан очиқ ва самимий мулоқоти ташкил этилди.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири