Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳайитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, бандликни таъминлаш, даромадларни ошириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳолатини ўрганмоқда.

Жумладан, у Беруний туманида 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси билан яқиндан танишди. Дастлабки манзил туманда фаолият юритаётган “Райҳон Аппарел” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Унда иштирокчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг аҳамияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори асосида тузилган ишчи гуруҳларнинг фаолияти бўйича батафсил маълумот берилди.

Мазкур тикув фабрикаси ўз ишини 2023 йилда бошлаган. Ҳозир корхонада 500 ишчи ўрни мавжуд. Бу ерда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Хитой ва Россия давлатларига буюртма асосида экспортга йўналтирилмоқда. Корхонадаги замонавий ускуналар Швейцария, Япония ва Германия давлатларидан келтирилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари тикув фабрикасида олиб борилаётган иш жараёнлари билан танишди. Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритувчилар учун яратилаётган кенг имкониятлар сабаб маҳсулотларнинг жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишига замин яратаётгани қайд этилди.

Ишчи гуруҳ тумандаги Перинатал марказининг реконструкция ишларини, аграр соҳада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида томорқа ерларидан унумли фойдаланаётган хонадонлар фаолиятини ҳам кўздан кечирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири