Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга жавобгарлик кучайтирилмоқда

307

Бугунги кунда гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва реклама қилиш, ёшлар орасида бу каби моддалардан фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шундай усуллардан бири “наркограффити” усули бўлиб, бунда ноқонуний ташкил этилган интернет-дўкон манзили ҳақида маълумот девор ва йўлакларга чизиш орқали тарқатилмоқда.

Шунингдек, уларни истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларга ёшларни, айниқса, вояга етмаганларни жалб қилиш ҳам ортиб бормоқда.

Парламент қуйи палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат айни масалалар билан боғлиқ. Яъни, бир қатор қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Масъул депутат Даврон Арипов қайд этганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Ушбу белгиланаётган тартиблар гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни тарғиб ёки реклама қилиниши ёхуд ноқонуний муомаласининг барвақт олдини олишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА