Янгиланган Конституциямизда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши қатъий белгилаб қўйилди. Эндиликда мазкур конституциявий норма қонунчилигимизда ўз ифодасини топмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни масалаларга қаратилган.

— Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда, — деди депутат Н.Аминов. — Жумладан, Уй-жой кодексининг 11-моддасида турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланмоқда. Амалда турар жойларнинг кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузишга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатномаси бўлган тақдирда йўл қўйилар эди.

Шунингдек, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланишини таъминлаш белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қийматини ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаш орқали хусусий мулкнинг ҳимоя қилинишини ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга хизмат қилади, — деди маърузачи.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА