Ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доираси кенгайтирилмоқда

273

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ярашув институти самарали қўлланилиб келинаётгани жамиятимизда инсонпарварлик тамойилини кучайтиришга, тарафларнинг манфаатларига ва келгусида жиноятчиликнинг олдини олишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтириш белгиланмоқда.

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги моддалар сонини 12 тадан 15 тагача кўпайтириш орқали ярашув тўғрисидаги институтни қўллаш доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда, — деди депутат А.Шодмонов. — Бу ўз навбатида, одамлар, айниқса, қариндошлар, яқинлар ва танишлар ўртасида келиштирадиган тартибнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Шунингдек, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни декриминализация қилиб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказиш, шунингдек, ушбу ҳуқуқий нормани янги квалификация белгилари билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институти таъсир этиш доирасининг кенгайтирилишига ҳамда мамлакатимиздаги криминоген вазиятнинг яхшиланишига хизмат қилади.

Шунингдек, депутат лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди. Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА