Марказий Осиё ва Корея ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш доирасида Марказий Осиё халқаро институтида Корея жамғармаси вице-президенти, “Корея – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ижрочи директори Чон Кук Ри билан учрашув бўлиб ўтди.

2017 йил Корея жамғармаси қошида ташкил этилган “Марказий Осиё + Корея” ҳамкорлик форуми котибиятининг мақсади Форум доирасида тизимли равишда лойиҳалар амалга оширишни қўллаб-қувватлаш орқали томонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.

Учрашувда МОХИ ва Котибият фаолиятининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди, “МО+” формати доирасидаги ҳамкорлик истиқболи белгилаб олинди.

Чон Кук Ри Ўзбекистоннинг минтақа ва Корея шериклигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш режаси билан таништирди.

Ўзаро мулоқот ва шериклик учун қўшимча майдонга айланадиган бўлажак Корея – Марказий Осиё таҳлил марказлари форуми аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида меҳмон МОХИ ва Котибиятнинг минтақа ҳамда Корея манфаатига мос келадиган умумий мақсади, вазифаси мавжудлигини таъкидлади, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайишига умид билдирди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА