ЖССТ: икки миллиарддан зиёд одам семизликдан азият чекмоқда
Яқинда “Lancet” илмий журналида эълон қилинган янги тадқиқот натижасига кўра, 2022 йил ҳолатида 1 миллиарддан ортиқ киши семизликдан азият чеккан ёки сайёрамиз аҳолисининг ҳар саккизинчиси шу аҳволда.
1990 йилдан буён катталар ўртасида семириб кетиш глобал кўрсаткичи икки баробардан ортган. Болалар ва ўсмирларда эса ўсиш тўрт баробарни ташкил этган. Журнал ёзишича, 2022 йил дунё бўйича катталарнинг 43 фоизи ортиқча вазнга эга бўлган.
Мексика БРИКСга кирмоқчи эмас
Мексика Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг БРИКСга кириш нияти борлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарлар ҳақиқатдан узоқлигини билдирди.
ТИВ маълум қилишича, Мексика БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза бергани йўқ.
2023 йил Марказий Осиёдан 50 минг киши АҚШ чегарасини
ноқонуний кесиб ўтган
АҚШнинг республикачи сенатори Стив Дэйнс баёнот беришича, бошпана бериш масаласи билан шуғулланаётган “TRAC” нотижорат ташкилоти берган маълумотга кўра, ҳозир камида 40 минг Марказий Осиё мамлакатлари фуқароси АҚШдан бошпана олиш мақсадида суд қарорини кутмоқда.
Конгресс Киевга ёрдамни март ойи ўрталаригача тасдиқлай олмайди
АҚШ Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон жорий йил март-апрель ойларида янги бюджет ҳақидаги қонун лойиҳасини овозга қўйиши мумкин. Ушбу ҳужжат Украина, Исроил ва Тайванга 66 миллиард долларлик ёрдамни ҳам кўзда тутади, деб ёзган CNN телеканали.
Британия ҳукумати террор таҳдиди кучайганидан огоҳлантирилди
Буюк Британия махсус хизмати ходимлари ҳукуматни мамлакатда террор хавфи кескин ошганидан огоҳлантирди, деб ёзди “Daily Mail” газетаси.
Бунга британиялик махсус хизмат ходимларининг экстремистик хусусиятга эга кўплаб суҳбатларни қайд этаётгани сабаб бўлган. Хабарда айтилишича, Буюк Британияда мувофиқлаштирилган ёки якка қўпорувчи иштирокидаги террор ҳаракати хавфи кучайган.
Финляндия ва Швеция Россия чегараси яқинида ҳарбий машқ ўтказади
Яқинда НАТОга қўшилган Финляндия ва Швеция Россия чегараси яқинида “Nordic Response-2024” ҳарбий машқида иштирок этади.
4-15 март кунлари кенг кўламли “Steadfast Defender” ўқув машқларининг бир қисмисифатида Финляндия, Норвегия ва Швеция шимолида бўлиб ўтадиган тадбирда 20 минг ҳарбий иштирок этади.
Франция Украинага 100 та дрон жўнатади
Париж республика мудофаа саноати компанияларидан мамлакат қуролли кучлари ва Украина эҳтиёжи учун жами 2 мингта масофадан бошқарилувчи аппарат сотиб олади, деди мамлакат ҳарбий идораси раҳбари Себастьен Лекорню.
Маълум қилинишича, “Delair” компанияси ишлаб чиқарадиган 100 та дрон ёзда Украинага жўнатилади.
АҚШ Россиянинг ядро қуролини қўллашга тайёрлигини билдирувчи
ишорани кўрмаяпти
Давлат департаменти расмий вакили Мэттью Миллер таъкидлашича, АҚШ Россиянинг ядро қуролини қўллашга тайёрланаётганини билдирувчи ҳеч қандай аломат кўрмаяпти.
“Синчковлик билан кузатишда давом этамиз”, –деган Миллер журналистлар учун уюштирилган брифингда.
Украинада вазирликлар учдан бирга қисқартирилиши мумкин
Мамлакат Бош вазири Денис Шмигаль маълум қилишича, давлат хизматчилари сони қисқартирилади.
– Вазирларнинг учдан бирини қисқартирмоқчимиз, шунингдек давлат хизматчилари сони ҳам камаяди, – деди у матбуот анжуманида. – Бу ишни аллақачон бошлаганмиз, йил бошидан буён 20 минг бўш ўрин қисқартирилди. Қўшимча қилинишича, вазирлар сони 15, кўпи билан 16 киши бўлиши керак, вазирликлар ҳам шунга яраша бўлади.
Ҳозир Украинада 19 вазирлик фаолият юритмоқда. Вазирлар Маҳкамаси таркибида ҳукумат раҳбарининг 5 нафар биринчи ўринбосари бор.
С.Раҳимов, ЎзА