Арманистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Армен Григорян республиканинг 1991 йилдан буён Россияга кучли боғланиб қолгани стратегик хато бўлган, деди.

– Барча йўналишда – сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-сиёсий, илм-фан соҳаларида Арманистон Россияга қараб қолган эди, бу умумий хавфсизлимизнинг бир қисми эди, – деди Григорян Арманистон жамоатчилик телевидениесига берган интервьюсида. – 2020 йил ушбу тизим ишламаётганини кўрганимиздан кейин, Арманистон хавфсизлигини таъминлашнинг муқобил йўлларини топиш чораларини кўра бошладик.

Хавфсизлик тизими икки томонлама, яъни Арманистон – Россия форматида ҳам, кўп томонлама – КХШТ доирасида ҳам ишламаган. Муқобил йўлларни топиш учун кўп ҳаракат қиляпмиз, чунки 1991 йилдан бошлаб барча йўналишда узоқ вақт бир марказга боғланиб қолгандик, бу жиддий стратегик хато экан. Россия Арманистонга ёрдам бермасликка қарор қилгач, хавфсизлик тизимимиз бутунлай қулади ва биз муқобил йўналишлар қидира бошладик.

Шунингдек, Ереван иқтисодиётни диверсификация қилиш устида ҳам иш олиб боряпти. 2023 йилнинг тўққиз ойида 250 миллион доллар етакчи инвесторимиз Бирлашган Араб Амирликлари ҳиссасига тўғри келди. Бу борада иккинчи ўрин Люксембургга тегишли, Россия эса 50 миллион доллар билан биз учун учинчи йирик сармоядор мамлакат.

– Ушбу жараён – Россия танлови натижаси, – деди Григорян. – РФ Арманистонга инвестиция киритмасликка қарор қилди. Таъкидлаш жоиз, Арманистон рақобатни таъминлаб, кенг имконият яратмоқда ва шу йўл билан дунёга юз очмоқда.

“РИА Новости” ёзишича, аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ЕИ геосиёсий мақсадда Арманистонга жойлашиб олиш, Россияни минтақадан сиқиб чиқариш ва РФнинг минтақа хавфсизлигини таъминлашдаги тарихий аҳамиятини сусайтиришга интилаётганини таъкидлаган.