Таниқли журналист, шарҳловчи, ёзувчи  Аброр Ғуломов (Аброр Хон) нинг “Россия – Украина: биродаркушлик драмаси” номли янги китоби “RENESSANS” нашриётида нашрдан чиқди.

Аброр Хон ўқувчиларга  ўз вақтида шов-шув бўлган “Истанбул дафтари”, шунингдек, “Эътиқодни афзал билиб”, “Дунё: нималар бўлаяпти, ўзи?” номли китоблари билан яхши таниш.

Россия – Украина ўртасида бошланган урушга роппа-роса икки йил тўлди. Бу можаро яна қанча давом этади, унга қачон сўнгги нуқта қўйилади, буни ҳеч ким айта олмайди. Аммо, бу уруш туфайли дунё янги бир босқичга қадам қўйгани, у ҳали узоқ йиллар таҳлил, тадқиқ қилиниши бор гап.

Аброр Хон янги китобида икки славян давлати ўртасидаги можаронинг 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг 1 июлига қадар бўлган жараёнларини кунма-кун таҳлил қилган.

Китоб дебочасида тўғри қайд қилинганидек, бу шунчаки оддий воқеалар силсиласи эмас. Унда тарих ва аччиқ ҳақиқатлар акс этган.

Муаллифнинг  дунёда янги бир даврни бошлаб берган жараёнларни  алоҳида китоб шаклида ўқувчига тақдим этиши таҳсинга лойиқ.

Китобнинг иккинчи қисми – боби ҳам ўқувчи  эътиборини ўзга оҳанрабодай тортадиган қизиқ мавзуга бағишланган. Ўқувчи ушбу бобдан 2022 йилда Қатар давлатида бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига оид қимматли маълумотлар, мутахассис, футболчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, қизиқарли далил ва рақамлар билан танишади.

ЎзА