Италияда“Париж-2024” Олимпия ўйинларининг бокс беллашувлари учун йўлланма берувчи I Жаҳон квалификацион турнири бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақа олдидан расмий қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев, эркаклар ва аёллар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлари Тўлқин Қиличев ҳамда Элшод Расулов иштирок этди.
Қуръа натижасига кўра, вазни -63,5 кг. бўлган Руслан Абдуллаев – Шива Тапа (Ҳиндистон) билан куч синашса, -71 кг.да мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш учун Асадхўжа Мўйдинхўжаев – Ислам Ячи Юсуфга (Жазоир) қарши рингга кўтарилади. -80 кг. вазн тоифасида Тўрабек Ҳабибуллаев – Ҳуссейн Иашиш (Иордания),
-92 кг. вазнда Лазизбек Мулложонов – Дариус Воиснарович (Литва) ўртасида жанглар ўтказилади.
Аёллар ўртасидаги -50 кг. вазн тоифасида Сабина Бобоқулова – Даниша Матиалаган (Сингапур),
-57 кг. вазн тоифасида Ситора Турдибекова – Вилма Витанен (Финляндия) илк босқичда ўзаро рақобатлашади. -60 кг.да Олимпия йўлланмаси учун ўтадиган баҳсларда Райҳона Қодированинг илк рақиби Шеила Мартинес (Испания) ва Ана Старовоитова (Литва) ўртасидаги жанг ғолибаси бўлади. Шунингдек, вазни -66 кг. бўлган Навбаҳор Ҳамидова – Параскеви Мавроммати (Греция),
-75 кг.да Азиза Зокирова – Баисон Маникон (Таиланд) билан биринчи босқичда куч синашади.
Маълумот учун, ҳозирда терма жамоамиз аъзоларидан Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халоков, Баҳодир Жалолов ва Нигина Ўктамова Олимпиадага йўлланмани нақд қилган.
11 март кунига қадар давом этадиган I Жаҳон квалификацион турнир бугун, 3 март куни, жанглар Тошкент вақти билан соат 18:00 ва 23:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА